Ўзбекистон | 19:40 / 30.05.2019
3352
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон хавфсиз ва самарали дори воситаларини ишлаб чиқаришда жаҳон трендига мувофиқлашади

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ва Фанлар Академиясининг В.И.Романовский номли Математика институти ҳамкорлигининг натижаси маҳаллий фармацевтика соҳасидаги инновацион ишланмалар шаклида намоён бўлиши кутилмоқда. Миллий палата раиси Равшан Изамов ва Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов томонидан имзоланган Ҳамкорлик меморандуми шундан далолат беради. Kun.uz мухбири Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Ҳамкорлик режаларидан Ўзбекистон инновацион фармацевтикасини ривожлантиришга оид лойиҳалар ўрин олган. Биринчи босқич сифатида фармацевтикани сунъий интеллектли компьютер иловаларини тайёрлаш шаклидаги рақамлаштирилиш жараёни кўзда тутилган. 

Меморандумга кўра, дори воситаларини компьютер ишланмалари бўйича ишлаб чиқилишига доир илмий ютуқлар босқичма-босқич татбиқ қилинади ҳамда уларнинг коммерциализацияси йўлга қўйилади.

Таъкидланишича, иштирокчилар фармацевтик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун биргаликдаги ташаббусларни ривожлантиришга кўмак беришади. 

Ҳамкорликнинг кейинги босқичларида унга давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда хусусий сектор ташкилотларини жалб қилиш режалаштирилган. 

Қайд этиш лозимки, ушбу меморандум илк марта математика, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармокология соҳалари мутахассисларининг маҳаллий фармацевтикани ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари бирлашувини намойиш қилади. 

Бу Ўзбекистоннинг янада янги, самарали ва хавфсиз дори воситаларини ишлаб чиқишда жаҳон трендига мувофиқ келишга интилаётганидан далолат беради. Бугун бутун дунёда янги соҳа – инновацион фармацевтика ривожланиб бормоқда, у анъанавий фармация ва сунъий интеллект инновацион усулларига асосланган инновацион фармацевтика уйғунлашувидир. Унинг мақсади – ген, молекуляр даражада таъсир кўрсатувчи ва маълум бир бемор учун муайян вақтда самаралироқ ҳисобланувчи дори воситаларини яратиш. 

Ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши Ўзбекистоннинг инновацион фармацевтика ривожи томон қўйилган аниқ қадамдир. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид