Ўзбекистон | 14:51 / 22.03.2019
17667
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ер майдонларидан фойдаланиш соҳасидаги жиддий муаммолар маълум қилинди

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада йиллар давомида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмасдан келинган, мелиоратив ҳолати ёмонлашган суғориладиган ер майдонларини босқичма-босқич фойдаланишга киритиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, иқлимнинг глобал ўзгариши, сув танқислиги, суғориладиган ерлардан сурункали фойдаланилмаганлиги ва ердан самарали фойдаланиш бўйича назоратнинг пастлиги натижасида республика бўйича 266 минг гектар суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги камайиб фойдаланишдан чиқиб кетган.

Биринчидан, 266 минг гектар суғориладиган экин ерлари тупроқларининг -12,3 минг га қисми балл-бонитети 30 баллдан пастни, 99,6 минг га қисминики 31-40 балл, 96,7 минг га қисминики эса 41-50 балл, 31,1 минг га қисминики 51-60 балл, 4,9 минг га қисминики 61-70 балл бўлиб, ушбу ер майдонларидан фойдаланиш ва унумдорлигини ошириш бўйича тадбирлар амалга оширилмаган;

иккинчидан, иқлимнинг глобал ўзгариши натижасида, айниқса 2000-2001, 2008 йилларда бир қатор ҳудудларда жиддий сув танқислиги кузатилиб, экин майдонлари экилмасдан қаровсиз қолган ва ёввойи дарахтзорга ва бутазорга айланган;

учинчидан, жами 150,5 минг гектардан ортиқ ер майдонлари гипс қатламли ва ўта нотекис ерлар бўлиб, уларни чуқур юмшатиш, капитал текислаш ҳамда шўр ювиш ишлари олиб борилмаганлиги натижасида қишлоқ хўжалиги экинларини экишга яроқсиз ҳолатга келган;

тўртинчидан, фойдаланилмаётган суғориладиган майдонлардаги 7106 км коллектор-дренаж ва 5483 км суғориш тармоқлари, 254 та насос станциялари ва 262 та суғориш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш талаб этилмоқда.

Бундан олдин, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлар қандай мақсадларда қабул қилиниши айтилганди.

Мавзуга оид