Жаҳон | 21:25 / 23.03.2019
13055
2 дақиқада ўқилади

Помпео Қрим ва Жўлан тепаликларини тан олиш орасидаги ҳолатлар бошқа-бошқа эканлигини айтди

Қрим яриморолини Россияники деб тан олиш ва Жўлан тепаликларини Исроилники деб тан олиш ҳолатлари ўртасида фарқ бор. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Sky News телеканалига берган интервьюсида ана шундай фикр билдирди.

Журналист Қримнинг Россияга қўшиб олиниши сабабли Вашингтон Москвага нисбатан санкциялар киритганини, энди эса АҚШ Жўлан тепаликларини Исроилники деб тан олмоқчи эканлигини эслатди. У давлат котибидан бу "икки ёқлама стандарт сиёсати эмасми" деб сўради.

"Йўқ, мутлақо ундай эмас. Президент Дональд Трампнинг Жўлан тепаликларига нисбатан тутган йўли – бу жойлардаги реал вазият ҳамда Исроил учун зарур бўлган хавфсизлик борасидаги ҳолатнинг тан олиниши, бу оддий нарса", - деди АҚШ давлат котиби.

У шунингдек, бу тан олиш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига зид эканлиги тўғрисидаги баёнотларни ҳам инкор этди.

"Бу жойлардаги реал ҳолатга тўлалигича мос келади", - деди Помпео.

"Қўшма Штатлар – бу минтақадаги яхшилик кучлари, бизнинг мақсадимиз яхши. Президент қабул қилган қарор бутун минтақадаги барқарорлик имкониятларини кенгайтиради", - деди у.

Жўлан тепаликларининг Исроилга тегишли эканлигини тан олиш ҳақидаги Дональд Трампнинг баёноти бошқа мамлакатлар томонидан салбий қарши олинди.

Жўлан тепаликлари 1967 йилгача Сурия таркибига кирган. Олти кунлик уруш давомида Исроил қўшинлари бу ҳудудни босиб олган.

Мавзуга оид