Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қамалда яшаяпмиз». Қримдаги вазият оғирлашмоқда
Новомосковскда кимё заводи ва электр станцияга ҳужум қилинди. Севастопол светсиз яшамоқда. Бу фонда эса Зеленский Россияни тинчлик музокараларига мажбурлаш учун 40 кунлик «таъсир кўрсатиш операцияси»га киришмоқда.
Украина
Украина президенти Володимир Зеленский Россияга «40 кунлик таъсир операцияси» ўтказилишини эълон қилди. Бу амалиётдан мақсад – Кремлни урушни тўхтатишга ундаш. Амалиётни Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ўтказиши белгиланган, мамлакат етакчиси бошқа тафсилотларни очиқламаган.
Зеленский бу ҳақда УХХ раҳбари Евгений Хмара билан учрашувдан кейин маълум қилди – бу учрашувда президентга «Украинанинг узоқ масофали ва ўрта масофали санкциялари режаси, шунингдек „Алфа“ махсус амалиётлар марказининг фронтдаги натижалари» юзасидан ҳисобот берилган. Президентнинг сўзларига кўра, УХХ «турлича дронлардан фойдаланиш ҳисобига Украинанинг фронтдаги позицияларини ҳимоя қилишда энг юқори кўрсаткичларга эга», «Алфа» маркази эса – РФ қўшинларининг «шахсий таркиби ва техникаларини йўқ қилишдаги натижалар бўйича етакчи» ҳисобланади.
УХХ – дронлар ёрдамида Россия регионларидаги саноат корхоналари ва нефт объектларига зарба бериб келаётган идоралардан бири ҳисобланади. Нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда нефт базалари бўйлаб йўлланаётган бундай зарбалар фонида мамлакатда ёқилғи инқирози бошланган. Россиянинг 20 дан ортиқ регионида маҳаллий расмийлар ёқилғи сотувига чекловлар жорий этган.
Нафақат Украинадагилар, балки Европадагилар ҳам Россияни тинчлик музокараларига қайтишга чақиришмоқда. Владимир Путин бир неча бор Россия ўзи илгари сураётган шартлар асосида Украина билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини, Зеленский у билан шахсан учрашмоқчи бўлса, Москвага келиши мумкинлигини айтган. Ўз навбатида, Россиянинг шартлари Украина учун қабул қилиб бўлмайдиган талаблар ҳисобланади.
Украина нашрлари манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Россияга ҳарбий босим ўтказишни ёқламоқда. У 2025 йил январида АҚШ президентлигига қайтганидан бери Вашингтон Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишга ва уларни яраштиришга ҳаракат қилмоқда.
«РБК-Украина» суҳбатдошларига кўра, Трамп Россияни Украинанинг ҳарбий босими орқали «реал дипломатия»га олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди. Kyiv Independent нашри ёзишича, Трамп ўзаро суҳбатда Зеленскийни Россияга нисбатан «қатъийроқ» ҳаракатланишга чақирган, у «Путин босим ўтказилмаса, нимадир қилишига ишонмайди».
Россия
26 июнга ўтар кечаси Украина Россия регионлари бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарба йўллади. РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 660 та дронини тўхтатган ва уриб туширган. «Агентство» қайд этишича, бу тунда дронлар орқали Россиянинг фронт орти ҳудудларига амалга оширилган энг йирик ҳужум бўлди.
Тула областида Новомосковск шаҳридаги «Азот» кимё комбинати навбатдаги марта зарба нишонига айланган. Завод сайтида кўрсатилишича, «Азот» – аммиак ва азотли ўғитларнинг энг йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Нитрат кислота портловчи моддалар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Гувоҳлар томонидан олинган фотосурат ва видеоларда завод томондан тутун кўтарилаётгани акс этган.
Astra нашри маълумотига кўра, Новомосковскда шаҳардаги турар жойлар ҳамда ижтимоий объектларнинг 60 фоиз қисмини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминловчи электр станцияга ҳам зарба берилган. У ерда ёнғин бошланган.
Тула области губернатори Дмитрий Миляевнинг айтишича, тунда ҳудудда 157 та дрон уриб туширилган. Унинг сўзларига кўра, Новомосковскдаги саноат корхонасида шикастланишлар бор. Шчеки районида хусусий уйга зарар етган, бир аёл яраланган. Област расмийлари «атроф-муҳитни мониторинг қилиш»ни бошлаган. Губернаторнинг сўзларига кўра, кўрсаткичлар меъёрда.
Севастополда Украинанинг кўприклар, бензин ташувчи машиналар ва бошқа юк машиналарига зарбалари, шунингдек, электр таъминотидаги узилишлар (1, 2) фонида дўконлар ва бозорларнинг бир қисми ёпилган, жамоат транспорти ҳаракати тўхтаган, алоқа узилган.
Бир кун олдин бутун Қрим бўйлаб «электр таъминотини вақтинча чеклаш режими» жорий этилганди. Бу Украина дронлар билан Севастополдаги асосий электр нимстанциясига ҳужум қилиши ортидан рўй берди.
Alexey Pavlishak / Reuters / Scanpix / LETA
«Бизда иккинчи кундирки светда узилишлар бўлмоқда, – дея хабар қилган нашр суҳбатдошларидан бири. – Кеча умуман бўлмаганди, бугун – қисман бор, аммо барча районларда эмас». Бошқа бир суҳбатдош эса шаҳарда свет йўқлиги туфайли дўконлар ва бозорлар ишлашдан тўхтаганидан шикоят қилган.
Унинг сўзларига кўра, ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин йўқлиги муаммони чуқурлаштирмоқда – сотувчилар шунчаки иш жойига етиб боролмаяпти. «Қамалда яшаяпмиз», – дея қўшимча қилган у. Бензин тақчиллиги туфайли Севастополда «бутун кичик бизнес, барча жўнатмалар тўхтади», дея қўшимча қилади шаҳарда яшовчилардан яна бири.
Alexey Pavlishak / Reuters / Scanpix / LETA
Alexey Pavlishak / Reuters / Scanpix / LETA
Севастополдаги озиқ-овқат нархлари тўғрисидаги маълумотлар бир-биридан фарқланади. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, картошка нархи деярли уч баравар ошган, бошқаси эса шаҳарда нархлар ошгани, «лекин жиддий даражада эмаслиги»ни билдирган. Балаклава (Севастополнинг бир қисми)да яшовчи киши ўзи яшайдиган ҳудуддаги дўконда жавонлар бўм-бўшлигини маълум қилган: «Маҳсулотлар умуман йўқ. Фақат алкогол топиш мумкин».
Astra
Sota
Ёқилғи, логистика ва энергетика инқирози фонида Қримнинг туризм ва ресторан саноати вакиллари Россия Федерацияси томонидан тайинланган ҳукуматдан ёрдам сўради. Тадбиркорларнинг таъкидлашича, июн ойида меҳмонхона ва ресторанларнинг даромади ўтган йилгига нисбатан тахминан икки бараварга камайган, меҳмонхоналарнинг бандлиги эса 80 фоизгача пасайган.
Maks Vetrov / Sputnik / Profimedia
Maks Vetrov / Sputnik / Profimedia
Шу билан бирга, Россиянинг континентал қисми ва аннексия қилинган Қримни боғлайдиган Қрим кўпригида машиналарнинг улкан навбатлари ҳосил бўлди. Бундан ташқари, Қримдан Россияга кетишга уринаётган автомобиллар сони ярим оролга келаётганларга (250) қараганда етти баравар кўп (Москва вақти билан соат 12:00 ҳолатига кўра 1850 та транспорт воситаси).
Мавзуга оид
11:00
АҚШ Украина бўйича Аляскада келишув бўлганини рад этди
23:05 / 25.06.2026
Зеленский Россияга нисбатан «40 кунлик таъсир операцияси»ни тасдиқлаганини айтди
21:40 / 24.06.2026
Беларусдаги ретрансляторлар жим бўлиб қолди - Зеленский
21:16 / 24.06.2026