Жиззахда театр томошалари ҳафталиги очилди
27 март – Халқаро театр куни. Шу муносабат билан жорий йилнинг 21 мартидан 27 март кунига қадар Ўзбекистоннинг барча театрларида бепул томошалар бошланди.
Театр бу - ҳаёт кўзгуси, муқаддас даргоҳ. Ўзбек театр асосчиларидан бири Махмудхўжа Беҳбудий таъбири билан айтганда, театр - ибратхонадир.
1961 йили театр санъатининг халқаро тинчлик ва бирдамлик ишига катта ҳисса қўшишини эътиборга олган ҳолда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институтининг IX конгрессида «27 март – Халқаро театр куни» деб эълон қилинган. Бугун Ўзбекистонда президент ташаббуси билан маданият ва санъат, хусусан театрни ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Шу маънода, президентнинг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4038-сонли қарорига мувофиқ, театр куни олдидан бир ҳафта давомида барча театрларда «очиқ эшиклар» кунлари ўтказиш, ҳар бир томошабинни кутилган меҳмон сифатида қаршилаш ҳамда ижодкорлар билан томошабинларнинг жонли суҳбатларини ташкил қилиш белгиланган.
Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бошланган ҳафталикнинг очилиш маросими Наврўз айёми билан уйғунлашиб кетди. Театр ҳовлиси байрамона, турли спектакллар декорациялари, турфа рангли ҳарир пардалар билан безатилди.
Жиззахликлар ва шаҳар меҳмонларини карнай-сурнай садолари театрга чорлади. Каттаю-кичик меҳмонларни театрнинг барча артистлари ҳар хил спектакллардаги қаҳрамонлар образларида кутиб олишди.
«Таъкидлаш жоизки, мустақил ватанимиз санъати тарихида ўзининг 98 йиллик тарихига эга бўлган Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бу улуғ даргоҳда кўплаб улуғ артистлар фаолият кўрсатишган. Жумладан, марҳум санъаткорлар - Ўзбекистон халқ артистлари Ҳусан Амирқулов, Хосият Азимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Ғофир Ҳамидуллаев, Ғолиб Йўлдошев, Икром Турсунов, Мавжуда Раҳматова ва бошқа етакчи актёрлар ўзбек театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшишган. Бугунги кунда мазкур театрда устоз санъаткорлар билан бир қаторда ёш умидли актёрларимиз ҳам самарали ижод қилиб келишмоқда. Биз олдимизга қўйилган энг муҳим вазифани бажара олдик деб ўйлайман. Бугун театр ўз томошабинларини қайтара олди. Қувонарлиси шуки, театр томошаларига, қўйилаётган спектаклларга ёшларимиз ташриф буюрмоқда. Театр ҳафталигига алоҳида тайёргарлик кўрдик, фойеда ташкил этилган спектакллар декорациялари ва либослари, театр тарихидан сўйлагувчи музей эскпонатлари, китоблар кўргазмалари фикримга исбот бўла олади», – дейди Жиззах вилояти мусиқали драма театри раҳбари Нодира Алимова.
Театр ҳафталиги томошаларини Эркин Хушвақтов қаламига мансуб бўлган «Кўнгил гулдек нозик» комедияси очиб берди.
Спектаклда ёши улғайган бир аёл турмуш ўртоғи томонидан тақдим этилган бир даста гул туфайли қайтадан ёшариши, аслида бу гул йўлакдан топиб олингани боис уйга келганини билгач, алам ва изтиробга тушгани енгил кулги остига олинган.
«Айнан шу комедиянинг тарбиявий аҳамияти катта экан. Уй бекалари қачонки, ўзларига яхши қараб, рўзғорда саранжом-саришта бўлсалар, турмуш ўртоқлари ҳамиша уйга талпинади. Оила мустаҳкам, тинч ва бахтли бўлади. Бу спектаклни барча ўз оила аъзолари билан кўришини истардим...», – дейди томошаларда иштирок этаётган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ходими Элнур Эгамов.
«Тўғриси, айрим аёллар, умуман юртдошларимиз кейинги пайтларда кўпроқ кўнгил ёзиш учун чойхоналарга ёки тўй ва бозорларга боришади. Театрга тушиб туриш фойдадан холи эмас экан. Чунки бир ярим соат давом этган спектакл намойиши пайтида ўз турмуш ўртоғидан гул совға олган аёлнинг қалби қанчалар қувончга тўлишини кўриб ҳам йиғладим, ҳам кулдим. Бу чинакам ибрат олса арзийдиган томоша», – дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси булим бошлиги М.Тошева.
Ҳа, ибрат мактаби бўлган театр ҳафта давомида бир қатор қизиқарли, томошабоп, энг муҳими тарбиявий аҳамиятга эга бир неча саҳна асарларини намойиш этади. Саҳнанинг сеҳрли олами барча замон ва барча даврларда ҳам кишиларни ҳайратга солиб келган. Театр томошалар залида актёрлар ва томошабинларнинг жонли мулоқотлари таассуротларга бой бўлди.
Бунда театр мухлислари ўзларини қизиқтирган театр ва санъаткорларнинг шахсий ҳаётлари ва ижодларига билан боғлиқ барча саволларга ижодкорлардан тегишли жавоб олишди.
Гулчеҳра Шарипова
Мавзуга оид
09:00
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024