Жамият | 20:34 / 28.03.2019
83818
14 дақиқада ўқилади

«Биз фермерлар «етиммиз» гўё». Республика бўйлаб арзон гўшт сотган чорвадорлар дарди

Давлат бозор муносабатларига максимал даражада аралашмаслиги керак. Тарих Аргентинадаги гўшт инқирозига гувоҳ, бу кўпчиликка сабоқ бўлганди. Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари, чорвачиликка эътибор қай даражада? Гўштнинг роли турмуш тарзимизда қанчалик аҳамиятга эга?

Гўшт аввало инсон организми учун зарур бўлган оқсил, темир моддаси ва аминокислоталарга бой маҳсулотдир. Ҳар бир инсон кунига ўртача 200 грамм миқдорида гўшт истеъмол қилиши фойдалидир. Агар гўшт нархи қимматлашса ва маҳсулот танқислиги юзага келса нима бўлади? Буни ҳисоблаб кўриш ҳар кимнинг ўз тасаввур доирасига боғлиқ. Kun.uz таҳририятига келган навбатдаги мурожаат республикадаги юзлаб чорвадор фермерларнинг дарди экан.

«Ким сенга сот деган, ўшанга бор»

«Мен Бегзод Бердиев Қашқадарёдаги «Бойқўрғон паҳлавони» фермер хўжалиги раҳбариман. Биз бир неча йиллардан бери, пойтахтимиздаги бозорларда арзонлаштирилган нархларда гўшт сотиб келамиз. Шу кунга қадар Чорсу бозорида арзонлаштирилган нархда 28 минг сўмдан гўшт сотиб келдим. 2018 йилга қадар 10 тоннагача гўшт сотганман. Бундай арзон нархда гўшт сотишдан мақсад – Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиш баёнига кўра, ҳар бир килограмм сотилган гўшт учун имтиёзли нархда 15 килограмм шелуха, 15 килограмм шрот берилиши керак эди. Биз шунга ишонган ҳолда, 10 тоннагача гўшт сотганмиз. Бизнинг асосий фаолиятимиз чорвачиликдир. Шу кунгача бизга берилиши керак маҳсулотлардан 1 килограмм ҳам олмадик. Бу бўйича мурожаат қилиб «Ўздонмаҳсулот»га ҳам бордик. Улар:"Сизларга маҳсулот ажратиб берадиган одамга боринглар",-деб айтишди. Кейин Вазирлар Маҳкамасидаги Акмал Тошев деган одамга борсак: «Ким сенларга сот деган бўлса, ўшанга боринглар»,-деб айтди. Ахир, 2018 йил 14 сентябрда Бош вазир тасдиқлаган ҳужжатга кўра, бош вазир ўринбосари Мирзаев, Молия вазири Жамшид Қўчқоров, Ветеринария қўмитаси раҳбари Норқобилов имзо чеккан деб айтдик. «Ўша одамларга боринглар» дейишди-да, бизни ҳайдаб чиқаришди. Охир-оқибат чорваларимиз оч қолмоқда. Шахсан ўзим 120 миллион сўм зарарга кирдим. Менга деярли 400 тонна ем берилиши керак эди», дейди қашқадарёлик чорвадор фермер.

«Мен ҳам бир неча йиллардан бери гўшт сотаман. Туман чорвачилик бўлимидан топшириқ беради. Сотган маҳсулотларимиздан ваъда қилинган емларни ололмаймиз. Қорамолларимиз қолмади, фақат қўйлар қолди. Ҳозир жуда ҳам қийналяпмиз. 500дан зиёд қўйимиз бор эди, ҳозир 250та қолди. 80дан зиёд молимиз бор эди, қолмади. Бизга жуда қийин бўлиб қолди. Дардимизни ҳеч ким эшитмайди. Чиқмаган жойимиз қолмади. Ҳар килограмм гўштимиздан 7 минг сўмдан зарар қилдик. Сотмайдиган бўлсак, сотасан дейишади. Бўлмаса чорвани йўқ қил дейди. Нимадир қилишимиз керак-ку? Одамларни иш билан таъминлаш керак, оиламни боқишимиз керак. Фермерликни ривожлантирайлик деб қанча ишлар қилдик. Ҳамма жой бўш қолди. Бош прокуратурага, порталга чиқсак битта хат билан ёпилиб кетади. Президент нима деяпти? Қаранглар эшитинглар деяпти. Гўштнинг нархини сўраяпти. Бундай қилишса гўштнинг нархи ошиб кетиши маълум-ку?», дейди самарқандлик фермер Баҳодир Раҳимов.

Фермерларнинг сўзлари исботини кўриш мақсадида уларнинг ҳудуди томон йўлга тушдик. Сафаримиз Тошкент вилоятидаги икки туманга бўлди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Чорва фермаларига «норасмий ташриф»

Дастлаб, Чирчиқ шаҳрида фаолият юритган, ваъдалар бажарилмагани учун чорвачилик фаолияти тугатилган шундай тадбиркорнинг дард-у ҳасратлари билан ўртоқлашдик.

«Мана шу ерда 50 бош буқа боқиб, семиртириб, Қўйлиқ деҳқон бозори ҳудудидаги ярмаркага арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари етказиб берганмиз. Қибрай тумани ҳокимияти чорва бўлимидаги ходимлар бизга шуни айтишганди. 12-13 тоннага яқин гўшт сотганман аҳолига. Бизда ҳамма протоколлар бор. Сотганимизга 1 йил бўлмоқда. 1 килограмм маҳсулот ололмаяпмиз. Кўчада 1 килограмм шрот маҳсулоти – 3 минг сўм. Бир кунда битта мол учун камида 5 килограмм шрот бериш керак. Бу дегани 15 минг сўм бўлади. Битта прессни 20 минг сўмдан оламиз. Ундан ташқари, ишчиларга хизмат ҳақи бор. Сотадиган гўштимиз 28 минг сўмдан бўлгандан кейин нима бўлади? Мана корхонамиз ҳозирги кунда тугатилди. Иложим йўқ. Мен зиёнга ишлай олмайман, ака. Вазирлар Маҳкамаси тарафидан чиққан протокол асосида бизга лимит асосида берилиши керак бўлган емларни бир йилдан бери бирорта фермер ололгани йўқ. Агар шу аҳволда давом этса 1 килограмм гўштдан 15-20 минг сўм зиёнга кириб кетаман», дейди ҳафсаласи пир бўлган чорвадор.

Шундан сўнг, Қибрай туманидаги бошқа фермер Чори Холмуродовнинг чорвалари билан «учрашув» ўтказишга қарор қилдик. Фермага уюштирган пресс-туримизда бир неча ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, берилиши керак бўлган ем ва озуқалар бўлмагани сабабли лавлаги бериб боқишмоқда экан. «Бир тарафдан ҳукуматимизга раҳмат. Улар бизга вақтида ўша емларни берганида биз бу усулни кашф этмаган бўлар эдик», дейди у.

«Бекларбеги» хусусий фирмаси фаолиятининг мақсади – зотдор, шохли ва наслли молларни кўпайтириш, йўлга қўйиш ва уларни семиртириб боқишдир. Бир вақтнинг ўзида соғин сигирлар ва буқаларни етиштиришдир.

Ўтган йил ҳисобидан май ойидан август ойигача 5 тоннагача гўшт топширган эдик. Ўзимиздан ташқари бу ерда 3 ишчи олганмиз. Президентимиз иккита иш ўрни яратган тадбиркор мен учун ватанпарвар деб айтган. Биз шу гаплардан илҳомланиб шу ишни йўлга қўйган эдик. Лекин баъзи тўсиқларга дуч келяпмиз. Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 14 сентябрда Бош вазир Абдулла Ниғматович ташаббуси билан баённома қилинган. Бу баённомада масъул шахслар кўрсатилган. Лекин бунинг ижросини таъминланмаяпти. Бу бир хулосага олиб келиши мумкин. Демак, биз фермерлар етиммиз. Биз президентимиз ўгитларига риоя қилиб, ҳақиқий ватанпарварлигимизни, ишчанлигимизни, шу меҳнатда суягимиз қотганлигини исботлаб, сотган гўштларимиз билан раҳматга мушарраф бўлдиг-у, лекин буқаларимиз ҳануз биздан ем кутмоқда. Биз бу жониворлар олдида ёлғончи тадбиркормиз», дейди аламзада фермер.

Чорвадорларнинг алдангани, ҳали ҳам умид билан кўз тикаётганини билдик. Уларнинг ҳафсаласи пир бўлган. Уларга савол билан юзланамиз.

Агар давлатимиз томонидан шундай имконият берилса, бу ишни қайтадан йўлга қўярмидингиз?

«Бу имтиёзлар тиклаб берилса, бир ҳафталик муҳлат етади. Яна Қўйлиқ, Чорсу бозорларида 28-29 минг сўмлик сифатли гўштлар бўлишига кафолат бераман», дейди «Бекларбеги» раҳбари.

«Биз ўзи 2019 йилги дастур бўйича 300 миллион сўм ўзимиз ҳисобимиздан, 500 миллион сўмлик кредит жами 800 миллион сўм эвазига чорвани янада кенгайтиришни режа қилгандик. Очиғи, биз шу дастур бажарилишига ҳам кўзимиз етмай қолди. Чунки, шунча қорамолни нима бериб боқишга ўйланиб қолдик. Агар емлар берилса, яна ўнлаб ишчи ўрни очиб, гўштни яна Тошкентга етказиб берган бўлардик», дейди ишонч билан Бегзод Бердиев.

Сизнинг тадбиркорлигингиз тугатилган. Сиз имконият берилса шу ишни қайтадан бошлармидингиз?

«Бу саволингизга қадимда бир кишидан сўраган экан - «Нима касб қилгансан?». «Ота-бобом қилган ишни қиламан», деб жавоб берган экан. Бизга ҳам бу ота-бобомиз қилган касб саналади. Бизнинг нонимиз шу, тирикчилигимиз шу. Имконият берилса, емларни беришса, бир ҳафтада ҳамма молларни жойига қўйиб, яна чорвачиликни тиклаб қўярдик. Кредитлар бериляпти, ўзимиз йиғиб қўйган пуллар бор», дейди «Шоимов Қарши» хусусий корхонаси раҳбари.

Бу жавобдан сўнг, умидлари пучга чиққан чорвадорга қарши савол билан мурожаат қилдик.

Агар емларни ололмасангиз-чи?

«Агар бундай бўлса, укаларим билан Россияга кетамиз деб режа қилиб турибмиз. Бола-чақа боқиш керак», дейди Чори Шоимов.

Сўз навбати вилоят ҳокимияти вакилларига

Фермерларни эшитдик. Уларнинг муаммосини тушундик. Энди навбат мутасаддиларга етди. Изоҳни аввало республиканинг барча вилоят ҳокимиятларидан келган вакиллардан олдик. Бу сўзлар асосан юқори турувчи ҳокимият органларига ишониб, фермерларни бозорга тортган вакилларнинг ташвишлари ҳақида бўлди.

«Тошкент шаҳри аҳолисига арзонлаштирилган ва сифатли гўшт, сут ва балиқ маҳсулотлари етказиб бериш керак эди. Сирдарё вилоятидаги чорва фермер хўжаликлари Аския ва Олой бозорларида аҳолининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида шундай гўшт маҳсулотларини сотиб келишган. Режани доим бажариб келганмиз. Байрам арафаларида бозорларда ярмарка ташкил этилади. Бу фермерлар ҳар бир сотган гўштларига 15 килограмм шрот ва 15 килограмм шелуха сотиши лозим эди. Бу емлар эвазига улар ҳам буқа, ҳам соғин сигирларни озиқлантиради. Бунинг эвазига нафақат гўшт, балки боғча ва бошқа шундай ташкилотларни сут билан ҳам таъминлайди. Мана ҳали-ҳануз режаларни бажарган бўлишига қарамасдан, фермерлар емларни ололмаяпти. Биз ҳар 10 кунда шу иш бўйича ветеринария қўмитасига ким қанча сотгани ҳисоботини берамиз. Шундан сўнг, бу хабар республика биржага ва Ёғ-мой жамиятига етиб боради. 10 кун ичида шуни чиқариб юбориши керак эди. Лекин шунча вақтдирки масала ҳал бўлмаяпти. Биз қўлимиздан келганича ташкилотларга чиқиб кўряпмиз. Кимга боғлиқ бўлиб қоляпти, билмаяпмиз. Ветеринарияга борсак, «Бош прокуратурага боринглар» деди. Чунки, қишлоқ хўжалиги Бош прокуратурага бириктирилган», дейди Сирдарё вилоят ҳокимлиги вакили Ваҳҳоб Кражавов. 

Фото: скреншот
Фото: скреншот

«Биз бу масалада прокуратура қошидаги департаментга ҳам бордик. Департамент вакиллари «ишларингиз ҳал бўлиб қолган» дейишди. Лекин ишлар ҳал бўлмади. Ўша жойида турибди. Фермерлар уйимизгача келишмоқда. «Сенлар бизга айтгансан» деб ҳоли-жонимизга қўйишмаяпти. Уларни ҳам тушуниш керак-да ахир? 20-30 кишини эргаштириб, вазирликма-вазирлик сарсонмиз. Ўтган йил 20 октябргача муаммо йўқ эди. Ўша санадан бу ёғига 1 килограмм ҳам берилмади. Арзон нархдаги гўшт билан бозордаги гўшт орасида 5 минг сўмгача фарқ бор. Улар тонналаб сотган гўштнинг ҳар килосидан 5 минг сўмгача зарар кўрди. Бу вақтда улар қанча даромад қилишган бўлар эди», дейди Бухоро ҳокимияти вакили Мадиёр Баҳромов.

«Бизга фермерлар шикоят қилишса, департаментга борамиз, ветеринарияга борамиз. Чиқади, чиқади, чиқади. Доим шу гап. Чиқади деганига ҳам мана 2 ой бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг бу протоколидан 1 килограмм ҳам ем олмадик», деб ҳамкасбларининг юқоридаги фикрларини тасдиқлади Сурхондарё вилоятининг вакили Даврон Аҳадов.

«Ҳар куни бозорда нархлар ошиб боряпти. Фермерлар бизга, ҳукуматга ишониб харажат қилиб қўйган. Фақат қилиб берамиз деган гап бўляпти, холос», дейди Шаҳбоз Пардаев.

Чорвадор фермерларнинг дардлари, ўринли эътирозларини эшитдик. Бунда асосий жавобгар шахслар ҳокимият вакиллари деб улардан фикр олган эдик. Лекин ҳокимият вакиллари ҳам тадбиркорлар билан «бир кемада» экан.

Эндиги иш - қидирув тизимини ёқиб, масъул ташкилотни топиш эди.

«Ҳал қиламиз, кутинглар, бўлади ҳаммаси»

Бу масалада мурожаатчиларимиз Ветеринария қўмитаси томонидан бир неча ташкилотларга жўнатилган хатни қўлимизга тутқазишди. Бу хатда 2018 йил август-декабрь ойларида жами 1 минг 398та чорвачилик субъекти томонидан 2 минг 437 тонна гўшт сотилган. Март-апрель-май ойлари учун 36 минг 567 тонна пахта шроти, 36 минг 567 тонна пахта шелухаси ажратиб бериш назарда тутилган. Хатда янги давр бўйича берилиши керак бўлган емлар миқдори кўрсатилмаган. Ушбу хатни ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин.

Ветеринария қўмитасига қўшимча сифатида бизга ушбу фермерлар рўйхати ҳам келиб тушди. Ушбу рўйхатни кўришингиз мумкин.

Мутасадди ташкилотлардан аввалига «Ўзпахтаёғ» АЖга бордик ва ушбу ташкилотнинг маркетинг бўлими бошлиғи Ниғмон Мавлонов билан учрашдик. Мутахассис бундай масалалар Вазирлар Маҳкамасидан ҳал этилишини тушунтирди. Шундай сўнг йўл кўрсаткичимизни ижро этувчи ҳокимият органи томон бурдик.

Вазирлар Маҳкамасига бориб мутахассислар билан учрашмоқчи бўлдик. Лекин, бу катта даргоҳга кириш биз ўйлаганчалик осон иш эмасди. Эшик тагида «атиги» 3 соат кутдик. Сўнгра, ташкилотдан вакиллар чиқиб келишди ва бизга бу масалага жавоб бериш маълум вақтни олишини айтишди. Мана 2 ҳафтадан ўтдики, ўша «маълум вақт» ҳам ўтиб бормоқда.

Бизда бир хулоса келиб чиқмоқда. Ҳукумат вакилларида имконият йўқ ёки имконияти бор-ку, лекин «эшагимиз лойдан ўтди» қабилида иш тутишмоқда. Бу ҳолда чорвадор фермерларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, уларда ҳукуматга қатъий ишончсизлик пайдо бўлиши тайин. Шу аснода бозорларимизда гўшт нархлари олтин баҳосида бўлиб кетмаса эди.

Мухбир - Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи – Мирвоҳид Миррахимов

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид