Жамият | 19:13 / 28.03.2019
5393
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда таълим ва мутахассислик йўналишида халқаро кўргазма бошланди

28-30 март кунлари “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Таълим ва мутахассислик” XX халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Кўргазма таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилиб, унда АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Польша, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги 70 га яқин нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, 40 дан ортиқ Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, 40 дан ортиқ хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этмоқда.

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Дастлабки кун халқаро кўргазманинг расмий очилиш маросимини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Бунёдбек Ғофуров ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Исомиддин Нуриддинов очиб берди. Улар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўқув юртларида мавжуд мутахассисликлар бўйича таълим олишнинг имкониятлари ҳамда қўшимча ҳунар ўрганиш ёки малака ошириш истагида бўлган ёшларга республикамизда фаолият олиб бораётган ўқув марказлари тўғрисида қисқача маълумот беришди. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Сюзанна Вуд, Латвиянинг Ўзбекистондаги  элчихонаси биринчи котиби Жидра Лиепина, Ўзбекистонда Британия Кенгаши директори Рейчел Айленд  кўргазманинг аҳамияти ва унда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритди. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

— Ҳозирда 570 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШда таҳсил олмоқда. Биз уларнинг сафини янада кенгайтирмоқчимиз. Чунки дунёнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари айнан Америкада жойлашган. Шу сабабли, ўзбекистонлик талабаларда  бизнинг мамлакатда ўқиш иштиёқи баланд, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати  бошлиғи  Сюзанна Вуд. — Ўзбекистондан ўқишга бораётган талабалар асосан, бизнес, муҳандислик ва технологиялар бўйича таҳсил олишади. Магистратура йўналишида ўқимоқчи бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари, абитуриентлар ҳамда талабаларда катта қизиқиш уйғотди. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

– Ушбу кўргазмага ўзбекистонлик ёшларни Германияда таълим жараёнлари,  илмий излар олиб бориш ва мавжуд стипендиялар билан таништириш учун ташриф буюрдик, – дейди Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Симон Кретчмер. —Бу кўргазмада бир неча йилдан буён қатнашиб келяпмиз. Иштирокимиз давомида мазкур мамлакат ёшларининг илм олишга қизиқиши, эртанги куни, келажаги учун ҳаракатда эканига гувоҳ бўлдим. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Тадбир доирасида бандликка кўмаклашувчи марказлар, йирик компаниялар иштирокида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги  ҳам қатнашди.  

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

— Кечагина шу кўргазма ҳақида хабар топгандим. Бугун эса бир қанча хорижий университетлар ҳақида маълумотга эга бўлдим, – дейди  кўргазма қатнашчиси Кумуш Назарматова. —Бу ерда мен учун яхши имконият туғилди. Хитойда 1 йиллик тил курсида ўқийдиган бўлдим. 

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Биринчи кунданоқ кўргазмага 3 минг нафардан ортиқ ёшлар ташриф буюрди.

Фото: Рустам Назарматов\Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати

Мавзуга оид