Жамият | 09:00 / 28.03.2019
5649
5 дақиқада ўқилади

Попдаги янги марказ оилавий бизнес ривожига ҳисса қўшмоқда

Фото: Халқ Банки ахборот хизмати

27 март куни Наманган вилояти Поп туманида аҳолини тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашувчи “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш маркази” ишга туширилди.

Ушбу марказ очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев, акциядорлик тижорат Халқ банки Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тохиржон Раҳмонов, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Аюбхон Камолов ҳамда бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Фото: Халқ Банки ахборот хизмати

Айтиш лозимки, Поп туманида иш бошлаган мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 март куни қабул қилинган “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида акциядорлик тижорат Халқ банкининг молиявий кўмагида ташкил этилди.

Дарҳақиқат, ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига, миллий ҳунармандчилик янада ривожланишига, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилишига, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳалари рўёбга чиқишига ҳамда шу асосда аҳолининг бандлиги таъминланишига замин яратилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудлардаги фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни имтиёзли шартлар орқали молиялаштириш тизимли равишда давом этмоқда.

Фото: Халқ Банки ахборот хизмати

Аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Поп туманида ташкил этилган “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш маркази” ҳам ҳудудда кўплаб янги иш ўринлари яратилишига замин яратади.

Таъкидлаш лозимки, Поп туманидаги тижорат банклари томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мисол учун, Поп туманида мавжуд 77 та маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилган банк ходимлари ҳар бир хонадонга кириб, тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятидаги фуқаролар рўйхатини шакллантирмоқда. Айни пайтгача ўрганишлар натижасида 2 мингдан ортиқ хонадон эгалари 28.0 млрд. сўмликдан ортиқ имтиёзли пул маблағлари олиш истагини билдирган. Қолган хонадонларда эса ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Поп туманидаги “Нилуфар Барҳаёт” фермер хўжалиги Қозоғистон давлатидан жами 15 минг бош наслли қўй олиб келишни режалаштирган бўлиб, бугунги кунга қадар ушбу фермер хўжалигига дастлабки боскичда 1200 бош наслли қўй олиб келиш учун АТ Халқ банки томонидан 120 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи ажратиб берилди.

Биргина март ойи давомида Поп туманидаги тижорат банклари томонидан 283 та лойиҳага 4 млрд 413 млн. сўмлик пул маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида Поп тумани бўйича 300 га яқин янги ишчи ўрни яратилди.

Фото: Халқ Банки ахборот хизмати

Ушбу марказ очилиш маросими доирасида тумандаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Маълумот учун: “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларининг пул ажратиш линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Имтиёзли пул маблағлари оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига маълум шартлар асосида 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Халқ Банки ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид