Ўзбекистон | 21:05 / 29.03.2019
3349
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт: Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашда Беларусь билан ҳамкорлик қилишга доир ҳужжатлар имзоланди

Фото: Беларусдаги Ўзбекистон элчихонаси

Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ҳамда стажировкасини ташкиллаштиришда Беларусь билан ҳамкорлик қилишга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. Kun.uz мухбири Беларусдаги Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) ва Жиззах соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси (ССВБ) вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикасида ташриф билан бўлди. 

Тошкент тиббиёт академияси ва Жиззах соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси делегацияси Беларусь дипломдан кейинги тиббий таълим академияси ("БелМАПО")да кечган учрашув давомида ҳар томонлама ҳамкорликка келишди ва кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва стажировкаларни ташкиллаштиришга доир ҳамкорлик битимини имзолади. 

ТТА ва Беларусь давлат тиббиёт университети ("БГМУ") раҳбарларининг учрашуви якунларига кўра, илгари имзоланган Ҳамкорлик келишувига қўшимча равишда Академик мобиллик тўғрисидаги битим имзоланди. Битим асосида ТТАнинг сараланган 6-курс талабалари "БГМУ"га ўқишга йўлланади ва уни тугаллагандан сўнг икки мамлакатда ўтувчи дипломга эга бўлишади. 

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов Беларусь Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири В.Малашко билан учрашув ўтказди. Унда Беларусда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилий масалалар, диагностика, биринчи тиббий ёрдамга оид ютуқлар муҳокама қилинди. Учрашув якунига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олишди. 

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Беларусдаги қатор Республика амалий тиббиёт марказлари ("РНПМЦ")да бўлди: онкология ва тиббий радиология, жарроҳлик, кардиология, гигиена. Нафақат МДҲда, балки Европада ҳам баъзи позициялар бўйича етакчи ўринда бўлган ушбу тиббиёт марказларининг ютуқлари Ўзбекистон делегацияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди. 

Идоралар раҳбарлари ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва мазкур "РНПМЦ"ларда стажировка ўташга доир келишувга эришишди. Шунингдек, икки томон илмий анжуманлар, симпозиумлар, семинарлар, муҳокама доиралари ва тадқиқотларни ташкиллаштиришга келишди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид