Мусофирликдаги гўдак нажот изламоқда. Унга кўмак берайлик
Kun.uz cайтига мураккаб вазиятга тушиб қолган турли инсонлар мурожаат қиладилар. Аммо улар орасида шундай тоифалари ҳам борки, бирор нажот йўли қолмаган, ҳар бир одамга умид билан мўлтирайди. Ана шундай юртдошларимиздан бири, ёш йигит Рустамбек Мадалиев икки ёшга тўлмаган фарзанди Султонбек Ҳайитбоевни қучганича Ҳинд диёрида ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.
Бу сафарги хайрия мақоламиз олдингиларидан фарқ қилади. Сабаби унда муҳтожлар билан бевосита учрашмаганмиз. Бироқ Рустамбек Мадалиевнинг изтиробларга тўла мактубини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
“Мен Рустамбек Мадалиев 29 ёшдаман. Тошкент Архитектура Қурилиш институтида ўқийман. Отам 1995 йилда вафот этиб кетган. Оилада онам Мадалиева Лайло, аёлим Султонбекова Зулҳумор, фарзандларим Ҳайитбоев Фирдавс, Ҳайитбоев Султонбек ва мен яшаймиз. Оиланинг ягона боқувчиси менман ва кира қилиб пул топаман.
Аллоҳнинг синовлари кўп экан... Ўғлим Ҳайитбоев Султонбек 3-даражали митрал клапан етишмовчилиги ташхиси билан Педиатрия институтида, кардиология бўлимларида даволанди. Аҳволи оғирлашаверганидан кейин бор-будимизни сотиб, саховатли инсонлар кўмагига таяниб, Ҳиндистонга келдик. Бу ердаги шифокорлар боламнинг бир ўпкаси ишламаётганини аниқлашди ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизишди.
Юракдан аввал ўпкасини операция қилиш зарурлиги, қолаверса реанимацияда ётиб қолганимиз учун бутун режаларимиз бузилиб кетди ва олиб келганимизни сарфлаб қўйдик. Энди буёғи таваккалчилик... Онаси иккимиз боламизга ойналар ортидан тикилиб йиғлаймиз, у ҳам кўзларини жавдиратиб бизни излайди.
Авваламбор ҳаммаси Аллоҳдан, кимнидир сабабчи қилиб қўйиб, каромати кенглиги билан боламга шифо беришига ишонаман. Фақат ўзига ишониб, мўъжизасини кутиб қоламиз. Агар кимдир менга ёрдам бериш имконига эга бўлса, буни қарз деб билинг. Фарзандим соғайиб кетганидан кейин туну-кун ишлайман, ўзим ҳам даромадимдан савобли ишларга сарфлайман, ўғилларимни ҳам муҳтожларга ҳамиша ёрдам бериш руҳида тарбиялайман. Ҳаммамизнинг мушкулларимизни ўзи осон қилсин. Ҳаммага раҳмат, Аллоҳ ҳар бирингиздан рози бўлсин”.
Рустамбек билан интернет орқали узоқ суҳбатлашдик, ҳол-аҳволини сўрадик. Ҳам мусофирлик, ҳам ўзи ёшгина йигитнинг боласи ташвишига тушиб қолгани унинг қаддини анча букиб қўйган. Ҳар бир сўзга маҳтал бўлиб, илинж билан тинглайди, нима қилиб бўлса ҳам фарзандининг жонини сақлаб қолишни ўйлайди.
Азиз саховатпеша юртдошлар!
Агар имконингиз бўлса моддий, бўлмаса дуоларингиз билан мусофирчиликдаги юртдошимизга маънавий кўмак беринг. Кўпнинг дуоси ҳам, озгинадан ёрдами ҳам кўп бўлади. Ҳар бирингизнинг ёрдамингиз сизни улкан савоблар эгасига айлантирсин...
Бемор Ҳайитбоев Султонбекнинг аммаси Камола Мирзаева номига очилган пластик карточка:
Click/PayMe: 8600 3329 2823 2846 (Ипотекабанк)
Visa: 4097 8310 1083 0390 Kamola Mirzaeva
Телефон рақами: (97) 770-87-16
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024
Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
13:19 / 03.07.2024