Kun.uz'га Тошкент вилоятида янги қурилаётган “Nurafshon city” мажмуасида ишлаган ишчилардан мурожаат келиб тушди.

Ишчилар гуруҳи бошлиғи Бахтиёр Ҳасановнинг маълум қилишича, 2021 йил май-ноябрь ойларида “Nurafshon city”да қурилаётган Тошкент вилояти прокуратурасининг янги биноси ҳовлисида ишлаган қашқадарёлик ва жиззахлик 11 нафар ишчи ҳалигача иш ҳақларини тўлиқ ололмаяпти.

Улар “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ билан келишув асосида вилоят прокуратураси янги биносининг ҳовлисида фаввора қуришган.

Фото: KUN.UZ

Кейинроқ, вилоят прокуратурасининг янги қурилаётган биносини кўриш учун борган Бош прокуратура масъулларининг талаби билан деярли қуриб битказилган фаввора бузиб ташланган. Ишчилар бу ерда ҳар бир кв/метр учун 90 доллардан келишган ва жами 116 кв/м майдонда иш олиб боришган. Лекин пудратчи ташкилот – “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ ишчиларга келишилган пулларни тўлиқ бермаган.

“Иш бошлаган вақтимизда аванс сифатида 3850 доллар олдик. Қурилиш давомида бир неча марта фавворага сув улаб, ишлатиш учун насос қурилмаси олиб беришларни сўрадик. Лекин роса чўзиб юришди ва охири насосни олиб беришмади. Ўзларининг айби билан иш охирига етмагани учун умумий келишув – 10 440 доллардан 20 фоизини (2100 доллар) чегириб қолишадиган бўлди. Бунга ҳам рози бўлдик.

Шунингдек, ўзларининг талаби билан 3 марта фаввора қурилишида ўзгаришлар бўлди, охири Бош прокуратурадагилар келиб кўришганидан кейин деярли 80 фоизи тайёр бўлган фавворани бузиб ташладик.

Фото: KUN.UZ
Фото: KUN.UZ

Фавворада ишлатилган тошлар қимматбаҳо бўлгани учун уларни ўзимиз бузиб берсак, ҳақимизни беришимиз айтилганди. Лекин қолган 4500 долларни (2021 йил 13 декабрдаги Марказий банк курси бўйича тақрибан 48,6 миллион сўм) ҳам, фавворани бузганимиз учун ҳам ҳақимиз берилмаяпти.

“Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” раҳбари Азиз исмли шахс олдига бир неча марта бордим, лекин у мени уриб-сўкиб: «Хоҳлаган жойингга боравер, барибир пулингни бермайман” деб ҳайдаб юборди”,