Light | 20:38 / 02.04.2019
66023
8 дақиқада ўқилади

«Кремлда ўтган йилларим»: Икромов иши, Сталиннинг ўл(дирил)иши, Хрушчев илиқлик даври

1922–1991. Бир авлод дунёга келиб, камолга етиши мумкин бўлган вақт. Бу фурсатда бир давлат ҳам ташкил топиб, «бамайлихотир айланаётган Ер куррасини ўз ўқидан чиқариб», қандай шиддат билан тузилган бўлса, худди шундай талатўп билан таназзулга юз тутишга улгурди. Ҳа, Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи тарихда унча-мунча куч ўчира олмайдиган из қолдирди.

Совет даври ҳақида ўқилган. Кўп ва хўп сўқилган. Ҳафсала билан кулранг бўёқларни чаплаб ўқилган. «Кремлда ўтган йилларим» асарида совет даври эмоционал бўёқдан холи, хронологик тарзда тасвирланади. Тарих саҳнасида ўйналган энг шов-шувли спектакль уни четдан кузатган томошабин томонидан эмас, балки шу (мело)драма персонажларидан бирининг тилидан ҳикоя қилинади. Тор доиралардагина маълум бўлган ахборотлар келтирилади. 

Мемуар шаклидаги бу асарда сўзловчи ўзи бевосита гувоҳ бўлган, иштирок этган сиёсий жараёнларни ҳикоя қилади. Улар фактлар ва рақамлар билан асосланади.

Уч китобдан иборат мемуар асарнинг муаллифи Нуриддин Акрамович Муҳиддинов (1917-2008) Ўзбекистон совет социалистик республикасининг сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган шахс. КПСС Марказий қўмитаси секретари (1957-1961), Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитаси биринчи секретари (1955-1957), КПСС Марказий қўмитаси Президиуми аъзолигига номзод (1956-1957), ЎзССР Министрлар Совети раҳбари (1951-1953, 1954-1955), Тошкент вилоят компартияси биринчи секретари (1950-1951) каби лавозимларда фаолият кўрсатган.

Трилогиянинг биринчи қисмида Иккинчи жаҳон урушидан Хрушчев илиқлик даврига қадар бўлган йиллар тасвирланади. Бунда уч асосий воқеа диққатни тортади.

«Халқлар отаси»нинг ўлими

Левитан 1953 йил 5 март куни Иосиф Виссарионовичнинг «ўз ажали билан вафот топгани»ни эълон қилади. Халқлар отасининг ўлими тарихий манбаларда шу бўйича муҳрланади. Муҳиддинов эса бу фикрни шубҳа остига қўяди.

«Вақт тушга яқинлашиб қолган бўлса ҳам Сталиннинг хонасидан чиқмаётганидан хавотирланган хизматчилар Берияга қўнғироқ қилади. У ўзи Ближная дачага етиб боргунга қадар ҳеч қандай чора қўлламасликни, ҳеч кимга хабар бермасликни тайинлайди... Ва кечга борибгина Маленьков билан кириб келади...» 

Муаллифнинг келтиришича, оғир аҳволда ётган Сталиннинг ётоғида шифокорлар билан бирга бўлган хизматчилардан бирининг ёзганлари ҳалигача очиқ қолган: «Шифокорлар қанақадир кучли укол қилишди. Сталиннинг танаси қаттиқ силкинди. Орадан 10 дақиқа ўтди. Кейин бемор чуқур нафас олди ва жони узилди...» 

Энг аҳамиятлиси, Сталин хонасидан чиқмаган кун – 1 мартдан бир кеча аввал, 28 февраль тунини у Берия, Маленьков, Хрушчев ва Булганин ҳамроҳлигида ўтказган. (Турли зиддиятли фикрлар кесишадиган ушбу воқеа ҳақида Эдвард Радзинскийнинг «Сталин» асарида маълумот олиш мумкин). Муҳиддинов фаразларни аниқ таҳлил этишдан бош тортиб, мемуар асарида Сталиннинг ўлимидан кўра, унинг меросини бўлиб олиш қизғин кечганини батафсил ҳикоя қилиб беради.

Икромов номининг оқланиши

Китоб аввалида муаллиф Бухарин, Рыков, Хўжаев, Икромов каби сиёсий арбоблар «халқ душмани» сифатида айбланган судда шахсан иштирок этганини таъкидлайди ҳамда Ўзбекистон компартияси биринчи секретари Акмал Икромовнинг ўзини оқлаб сўзлаган нутқини келтиради: «Мен кўп хатоларга йўл қўйдим, лекин ҳеч қачон халққа, партияга, ўртоқ Сталинга душманлик қилмаганман. Партия манфаатлари йўлида қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Агар ҳаётим сақланса, Ватанга садоқатимни исботлайман».

Бу нутқни ўз қулоғи билан эшитган муаллиф калаванинг учини топишга ҳаракат қилади:

«Ўша дақиқадан бери бу воқеага изоҳ излайман. Масаланинг тагига етиш менинг чекимга тушгандек ҳис қиламан ўзимни».

Аммо бу ишни Икромов отилган 1937 йил санасидан анча кейин, шахсга сиғиниш барҳам топа бошлаган 1956 йилга келибгина амалга оширади. Бош прокурор Руденко ва Муҳиддиновнинг бу борадаги қизғин муҳосабаси асарда келтирилган. Икромов номи эса тикланади.

Акмал Икромов иши мисолида Сталин муаллифлигидаги «нишонга олиш, «керакли» ҳужжатларни йиғиш, иш очиш, ҳибсга олиш, тергов қилиш, айбини бўйнига қўйиш, судлаш, отувга ҳукм қилиш, «меҳри тобланса», борса-келмас томонларга сургун қилиш» кўринишида аъло даражада амал қилган алгоритм механизми очиб берилади.

Хрушчев илиқлик даври

Сталин вафотидан кейин «тахт даъвогари» бир муддат топилмади. Асар муаллифининг таъкидлашича, бунда «улоқ»ни қишлоқ хўжалигидан хабардор, Сталин ўлимидан кейин қуйи раҳбарлар билан кўп мулоқотда бўлган, бутун СССР бўйлаб сафарларни канда қилмаган Никита Сергеевич Хрушчев илиб кетди. Кўп вақтини хонада ўтказган, гапга нўноқ, лекин стратегик режаларни пухта тузган Георгий Максимилианович Маленков Сталиндан кейинги шахс сифатида мамлакатда обрў қозонган бўлса-да, у элита ички курашида енгилди.

Маршал Жуков номини оқлаб, ҳарбийларни ўзига оғдирган, шу билан бирга Давлат хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар комиссарлиги бошини бирга тутган Лаврентий Павлович Берияни сиёсий майдондан қувиб чиққан Хрушчев «доҳий» даврида илдиз отган стереотипларни кутилмаган тарзда ўзгартириб юборади. У шахсга сиғинишни фош этади.

Ҳеч ким билан маслаҳатлашмай қабул қилинган қарорлар, компартия президиуми йиғилишида шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари ҳақида сўзланган нутқ, ҳамтовоқлари Берия, Булганинни ўйиндан сиқиб чиқариш каби ҳаракатлар илиқлик даврининг илк эпкинлари эди. Собиқ «мансабдош»и Виссарионовичдан фарқли равишда Сергеевичнинг суратлари эмас, ўзи халқнинг орасига кириб боргани унинг мутлақо ўзгача позицияда иш тутишини кўрсатди. У Сталинни бир марта ҳам Тошкентда жонли кўрмаган ўзбекистонлик меҳнаткашлар билан суҳбат қуради.

Асарда совет давлати тасвирига гувоҳ бўлган китобхон ўз-ўзидан реал вақт ва реал макондаги ҳолат билан солиштиради. Сони бор-у, саноғи йўқ, функцияси мавҳум инстанциялар, маъмурий буйруқбозлик, «ҳужжатбозлик синдроми», фактларни сохталаштириш, сиёсий доираларда манфаатли тарзда амалга ошириладиган ракировкалар каби воз кечилиши машаққатли кечилаётган принциплар кимдан қай тарзда мерос бўлиб қолганини ўқувчи тушуна бошлайди.

Масалан, вилоят раҳбарларини сайлаган партия аъзолари расмиятчилик учун тадбирбозлик билан шуғуллангани, аслида ҳар қандай номзод Москва изни ва истаги билан лавозимга тайинлангани аён бўлади. Ёки парламент вазифасини ўтаган партиянинг съездларига қўйилган ҳар қандай масала аввалдан тор доирада муҳокама этилгани, қарорлар қабул қилингани ошкор этилади.

Муаллиф ҳикоя қила туриб, жараёнлардаги ўз иштирокига ҳам алоҳида тўхталиб ўтади. Акмал Икромов номининг оқланиши, ўзбек миллий санъатининг жонлантирилиши, ўзбек халқининг мукофотланиши, Фанлар Академияси фаолиятидаги ўзгаришлар кабиларда муаллиф «мен»и ажратиб кўрсатилади. Очиғи бу ўриндан муаллифнинг фикрига қўшилишга мажбурман: Ўзбекистон Совет давлати таркибида эришган ютуқларни ҳам унутмаслик, фандаги ривожланишни ҳаққоний қайд этиш керак.

Асарда совет даврига оид воқеалар силсиласи деталларгача тасвирланади, баъзи нуқталарда эса дарсликларда ўзгартириб талқин этилган тарихий ҳодисалар панорамасини бошқа ракурслардан ҳам кўрсатади. Хуллас, совет даври тарихига қизиқувчилар учун тавсия этилади. Биз эса бу трилогиянинг Ўзбекистонда чоп этилмаган қолган қисмларини излашда давом этамиз...

Китобхон
Нуриддин Муҳиддинов
«Кремлда ўтган йилларим»

Мавзуга оид