Жамият | 14:01 / 14.09.2025
22240
5 дақиқада ўқилади

“Опасида 8, укасида эса 8,5 балл” – IELTS’дан юқори балл олган китобхонлар оиласи

Маъмура Қутлиева фарзандларига ҳақиқий намуна — у 1000 дан ортиқ турли мавзудаги китобларни ўқиб тугатган. Фарзандлари учун уйида кичик кутубхона ташкил қилган. Опа-ука ёш бўлишига қарамай 200 дан ортиқ китобни мутолаа қилиб улгурган. Улар яқинда IELTS имтиҳонини топшириб, биринчи уринишдаёқ юқори балларни қўлга киритди. Болалар айни вақтда 3 та тилда эркин сўзлаша олади. Kun.uz мухбири оиланинг меҳмони бўлиб, у ердаги муҳит, ёш китобхонларнинг мақсадлари ҳақида гаплашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бугунги кунда кўплаб ота-оналар фарзандларини телефон ва ижтимоий тармоқлардан ажратиб, илмга қизиқтиришни истайди. Z (zed) авлод характеридан келиб чиқилса, билим олишни болаларнинг ўзи ичдан истамаса, уларни бу йўлга бошлаш осон иш эмас. Бундай шароитда кимдир фарзандини ўқишга тергаб мажбурлайди, кимдир қўшимча курсларга юборади. Аммо Маъмура Қутлиева умуман бошқача йўл тутди – у ўзи китоб ўқиди, билимни қадрлади ва шу билан фарзандларига намуна кўрсатди.

Аёл ҳар куни тонг ва тунда мутолаа билан вақт ўтказиб, болаларига жонли мисол бўлди. Онанинг китобга меҳри орқали болаларда ҳам илмга қизиқиш уйғонди. Бугунга келиб унинг ўсмир ёшдаги фарзандлари 200 дан ортиқ асарни мустақил мутолаа қилишга улгурган.

Фарзандларимни китобга қизиқтириш учун уларни мажбурлашни истамадим. Чунки болага “ўқи”, “билим ол” деб қайта-қайта гапиришдан кўра, амалда намуна кўрсатиш кучлироқ таъсир қилади. Шу сабаб ҳар куни мутолаа билан ўз устимда ишлашни одат қилдим. Уларга шахсий мисол бўлдим. Мени кўриб, болаларим ҳам ўқишга қизиқа бошлади, вақт ўтиб китоб ўқиш уларнинг энг севимли машғулотига айланди. Уйимизда китобхонлик муҳити шаклланди. Ҳозирда ҳар биримиз ўқиган асаримизни бирга муҳокама қиламиз, фикр алмашамиз. Бу жараён билимимизни бойитади, оилавий меҳр-муҳаббатни ҳам мустаҳкамлайди. Болаларим китобга шундай қаттиқ боғланганки, бирор байрамда нима совға қилайлик деб сўрасак, фақат китоб талаб қилишади”, – дейди Маъмурахон Қутлиева.

Август ойида унинг 6- ва 7-синфда ўқийдиган фарзандлари IELTS имтиҳони топшириб, биринчи уринишдаёқ 8 ва 8,5 баллни қўлга киритди. Болалар имтиҳонга тайёргарлик жараёни ҳақида гапирар экан, яхши натижага эришишларида оиласида билим олиш учун ҳозирланган қулай муҳит ва ота-она қувватлови катта ёрдам берганини таъкидлади.

Инглиз тилини ўрганишни 1-синфдан бошлаганмиз. IELTS’га икки йилдан буён тайёрланамиз. Бошида умуман қизиқмагандим, бу сертификатнинг нима учун кераклиги, келажакда менга қандай имкониятлар бериши мумкинлигини билганимдан кейин ўзим хоҳлаб ўргандим. Эрталаб соат 07:00-08:00 дан 23:00 гача, баъзан ундан ҳам кеч қолиб кетардик қўшимча курсларда. Бироқ ота-онам бизни доим тушуниб, ҳар томонлама ўқишга рағбатлантиришди. Уй ишларига ҳам деярли жалб қилишмасди. Юқори балл олиш учун эрталабдан кечгача бошқа нарсаларга чалғимай, фақат тайёрландик”, – дейди оиланинг катта фарзанди Забаржадбону Сафарова.

У тил сертификатини олиш учун укаси билан бир хил тайёргарлик кўрган. Имтиҳондан аввалги тестлар (mock exam)да Забаржадбонуда баллар юқори чиққан. Бироқ имтиҳондан кейин натижалар мутлақо бошқача бўлди: ука опасини 0,5 баллга ортда қолдирди. Оиланинг иккинчи фарзанди Ибодулло Сафаров бунинг ўзига бўлган ишонч натижаси эканини айтади.

Listening ва reading қисмини китоб ўқиб, кино кўриб мустаҳкамладик, бу икки йўналиш бўйича балларимиз имтиҳондан аввалги тестларда ҳам 9 чиқаётган эди. Writing қисми билан кўп шуғуллана олмадим. Speaking’дан 7-7,5 балл кутаётгандим, бироқ тахминларимдан юқорироқ чиқди. Ҳамма саволларга аниқлик ва кучли ишонч билан жавоб берганим опамдан баландроқ балл олишимга туртки бўлди. Аслида опамда имтиҳондан аввалги тестларда мендан юқорироқ натижалар қайд этилаётган эди”, – дейди у.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uzʼнинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Журналист: Диёрахон Набижонова,
операторлар: Зияддин Маматжонов, Абдуллоҳ Ҳасанов,
монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдураимов.

Мавзуга оид