Ўзбекистон | 10:02 / 02.04.2019
13777
2 дақиқада ўқилади

Хорижда таълим олиш шакли диплом тан олинишига таъсир кўрсатмайди

Фото: PhotoXpress

Ҳукумат хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат Ўзбекистонда амалда мавжуд бўлган таълим шаклига мувофиқ келмаганда тан олинмаслиги ҳақидаги талабни бекор қилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, нострификациялашдан фарқли равишда тан олиш – енгиллаштирилган тартиб-таомил, бунда муайян халқаро шартнома тузилган бўлса, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистонда қабул қилинади. 
 
2019 йил 29 мартгача хорижий дипломни (аттестатни) тан олиш учун у Ўзбекистонда амалда мавжуд бўлган таълим шаклида ўқиб олинган бўлиши шарт эди.
 
Масалан, 2018/2019 ўқув йилигача Ўзбекистонда сиртдан ўқитиш амалиёти кенг тарқалмаган эди. Масофадан туриб ўқитиш ривожлантирилмаяпти, экстернат юзасидан эса давлат олий ўқув юртларида амалга оширилмайдиган 166 та олий таълим (ш.ж. иқтисодиёт ва юриспруденция) йўналишидан иборат бўлган рўйхат қабул қилинган. Хорижий олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқимаган шахсларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келар эди.
 
Энди вазият осонлашди. Таълим шакли ҳисобга олинмайдиган бўлди.
 
Янгилик биринчи навбатда сиртқи шаклда таълим олган фуқаро авиацияси мутахассислари учун қабул қилинган (27.11.2018 йилдаги ПФ–5584-сон Фармоннинг 16-банди 2-хатбошиси). Бироқ Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга юқоридаги тузатишларда батафсил изоҳ берилмаган ва барча учун қўлланилади.
 
Ҳужжат 30.03.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид