18:20 / 04.04.2019
16268

Нукус шаҳрида реабилитация марказига эга бўлган биринчи мактабгача таълим муассасаси очилди

4 апрель куни Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

Нукус шаҳридаги реабилитация-таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги «Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган давлат ихтисослаштирилган кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3909-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилди. Ушбу мактабгача таълим муассасаси 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган.

Муассаса қурилиши ва унинг жиҳозланиши хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг беғараз ёрдами ҳисобидан тўлиқ амалга оширилди.

Майдони 3 447 кв. метр бўлган икки қаватли бинода стандарт хоналардан ташқари бассейн, даволаш-жисмоний тарбия зали, 2та физиотерапия хонаси, 2та массаж хонаси, сенсор хонаси, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший мослашиш, мусиқа ва арт-терапия хонаси, ортопед, психолог, педиатр, диетолог, логопед, реабилитолог, психоневролог, методист ва навбатчи шифокор хоналари мавжуд.

«Оролбўйи минтақасида болалар саломатлиги масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 7 ёшгача бўлган ногирон болалар сони 2013 йилга нисбатан 17,5 фоизга ошди. Шу муносабат билан республика президенти ташаббусига кўра, Нукус шаҳрида Ўзбекистонда биринчи реабилитация-таълим муассасаси ташкил этилди. Бу ердаги болалар илгари ижтимоий-маданий муҳитга қўшила олмас эди. Кўп тарбияланувчилар ҳаётининг асосий қисмини уй деворлари ортида ўтказишарди. Шунингдек, биз Нукус шаҳрида эрта аралашиш тамойилини амалга оширишни бошламоқдамиз. Маълумки, бола миясининг 85 фоизи ҳаётининг биринчи 5 йили мобайнида ривожланади. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар ҳақида гап кетганда, машғулотларнинг ҳар бир куни муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Коррекцион-ривожлантирувчи ишларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида биз ушбу мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ёшини 3 ёшдан 2 ёшгача пасайтирдик», - дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чекка ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланишади, куннинг иккинчи ярмида эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтишади.

Реабилитация марказининг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобил стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, «Саундбим» тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланган. Даволаш тадбирлари ривожланишда бузилишларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Шунингдек, реабилитация марказида мактаб ёшидан ўтган жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар учун ҳам муолажалар ўтказилади.

Мактабгача таълим вазирлиги реабилитация марказларига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини республиканинг бошқа ҳудудларида қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ишларни давом эттиради.

Top