Жамият | 20:10 / 05.04.2019
5355
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий чемпионлар болаларга совға улашди

Бир кўнгилга шодлик улашиш – муқаддас Каъбани обод қилиш билан баробар, деган мазмунда Навоий бобомизнинг сатрларини бугун Қуролли Кучларимиз ҳарбий хизматчилари ўзларига шиор қилиб, хайрли ишларни давом эттиришяпти.

Мудофаа вазирлиги спорт клубининг жаҳондаги нуфузли спорт мусобақаларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ҳарбий хизматчилари Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган 30-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб, уларга турли ёшдаги ўқувчилар учун мўлжалланган китоблар жамланмаси, спорт анжомларини эсдалик совға сифатида улашди.

– Учрашувимиз болажонларда катта таассурот қолдирганидан мамнун бўлдик, – дейди Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиа ўйинлари ғолиби ва рекордчиси, лейтенант Руслан Нуриддинов. – Уларда китоб мутолаасига қизиқишини, спорт билан мунтазам шуғулланишни мақсад қилганини эшитиб, икки ҳисса шодландик.

Болажонларнинг Ватан мадҳи, ота-она, дўстлик ва севги-садоқат ҳақида ўқиган шеърлари чемпионлар олқишига сазовор бўлди.

Якунда болажонлар ўзлари мухлислик қиладиган севимли спортчилари билан эсдалик учун суратга тушишди.

Мавзуга оид