Ўзбекистон | 10:54 / 05.04.2019
11759
6 дақиқада ўқилади

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидалари тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Қоидалар радиоактив ва биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга келтириладиган муносабатларга татбиқ этилмайди.

Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режали ва режадан ташқари бўлиши мумкин. Бунда, маиший чиқиндиларни:

режали олиб чиқиб кетиш – қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш жадвалига мувофиқ;

режадан ташқари олиб чиқиб кетиш – суюқ маиший чиқиндилар, йирик габаритли маиший чиқиндилар, чорвачилик чиқиндилари, қурилиш чиқиндилари, тупроқ, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва смёт истеъмолчиларнинг буюртмаси ёки алоҳида шартнома асосида, тўлов эвазига амалга оширилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг узлуксиз ташиб кетилишини ташкил қилиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилот  томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврий муддатларини белгилаш;

махсус транспорт воситалари (чиқинди ташиш машиналари)нинг ҳаракат йўналишларини белгилаш;

махсус транспорт воситаларининг экипажига техника, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, ишлаб чиқариш экологик назорати масалалари бўйича инструктаж ва тушунтиришлар бериш;

ишчи ходимларни белгиланган тартибда ва нормалар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа жамоавий, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилиниши юзасидан мониторинг (шу жумладан махсус транспорт воситалари ҳаракатини реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS)дан фойдаланган ҳолда) юритиш ҳамда ҳисобини олиб бориш.

Махсус транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини белгилаш учун хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан йўналиш харитаси ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали тузилади.

Йўналиш харитаси ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалида чиқиндилар ташиб кетиладиган объектларнинг (чиқинди тўплаш шохобчалари ва ташкилотлар) манзиллари ҳамда махсус транспорт воситаларининг чиқиндилар ташиб кетиладиган объектларга етиб бориш масофаси ва вақти кўрсатилади.  

Қаттиқ маиший чиқиндилар “сигнал” усулида олиб чиқиладиган ҳудудларда йўналиш харитаси ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалида кўчаларнинг номлари кўрсатилади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот махсус транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини ишлаб чиқишда қуйидаги маълумотларга асосланиши зарур:

хизмат кўрсатилиши лозим бўлган объектларнинг ва ҳудудларнинг батафсил тавсифи;

объектлар бўйича чиқиндиларнинг тўпланиш ҳажмлари;

ҳудуддаги йўлларнинг техник ҳолати;

кўчалардаги транспорт ва йўловчилар ҳаракатининг серқатновлиги;

чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда қайта ишлаш объектлари ҳақидаги умумий маълумотлар;

ҳар бир ҳудуддаги контейнерларнинг умумий сони ва ҳажмлари;

чиқиндиларни юклаш ва тушириш ишларига талаб этиладиган вақт бирликлари.

Махсус транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишлари ишлаб чиқилишида қуйидагилар инобатга олинади:

чиқинди ташиш техникалари томонидан йўл юришдан фойдаланиш коэффициентининг максимал даражасига эришиш;

чиқинди ташиш техникаларининг юк кўтариш имкониятидан фойдаланиш коэффициентининг максимал даражасига эришиш;

транспорт ҳаракати серқатнов кўчалардан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини сутканинг тунги пайтларида амалга ошириш;

маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетилишида тураржой объектлари ва нотураржой объектлари йўналишларини бирлаштириш;

ҳар бир йўналишни имкон қадар шаҳар марказидан маиший чиқиндиларни қайта юклаш ёки зарарсизлантириш объектларига олиб борувчи энг мақбул йўналиш бўйича белгилаш;

кузовли махсус транспорт воситаларидан фойдаланилганда йўналишни кузовнинг сиғими тўлиқ банд бўлгунга қадар узайтириш имкониятлари.

Чиқиндиларни қайта юклаш ва зарарсизлантириш объектлари бир нечта бўлганда, махсус транспорт воситаларини мазкур объектларга бириктиришда улардан фойдаланиш самарадорлигини ҳисобга олиш лозим.

Махсус транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишлари чиқиндилар ташиб кетиладиган объектлар ёки уларда тўпланадиган чиқиндилар миқдори, хизмат кўрсатиладиган ҳудудда махсус транспорт воситаларининг ҳаракатланиш шарт-шароитлари ўзгарганда қайта кўриб чиқилиши керак.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот  махсус транспорт воситаларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда техника хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолда йўналишга чиқариши керак.

Махсус транспорт воситаларини йўналишга чиқаришдан олдин:

ҳайдовчиларнинг кунлик тиббий кўрикдан ўтишини;

махсус транспорт воситаларининг техник созлиги, санитария ҳолати ва ташқи кўриниши кўздан кечирилишини таъминлаш лозим.

Махсус транспорт воситаларини йўналишга чиқаришда ҳайдовчининг ёнида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:

ҳайдовчининг тиббий кўрикдан, транспорт воситасининг навбатчи механик томонидан кунлик техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида қайд этилган йўл варақаси;

мазкур транспорт воситаси турини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси;

транспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонни;

йўналиш харитаси ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид