Жамият | 22:22 / 06.04.2019
7363
3 дақиқада ўқилади

Эндиликда ҳарбий бўлинмалар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланиши мумкин 

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 28 февралдаги қарорига мувофиқ ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарга кўра, ҳарбий бўлинмаларга топшириладиган давлат мукофоти шон-шараф, жасорат ва ифтихор рамзи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳар бир ҳарбий хизматчисига Ватани олдидаги муқаддас бурчини, халқига садоқати, жасорат ва қатъийликни ёдига туширишга хизмат қилади. 

Шу билан бирга, мукофот жанговар хизмат фаолиятида юксак натижаларга эришганлиги учун ҳарбий бўлинмаларни рағбатлантиришнинг олий шакли ҳисобланади. 

Ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳарбий жамоалар “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди”, I ва II даражали “Шон-шараф” орденлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа мукофотлари билан тақдирланиши мумкин. 

Мукофотлаш мезонига кўра, Ватанни ҳимоя қилиш учун бўлган жангларда, давлат чегараси ва давлат манфаатларини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича операциялар ҳамда аксилтеррор операциялар вақтида ҳарбий бурчни адо этишда бўлинма кўрсатган қаҳрамонлиги ва бошқа хизматлари учун тақдирланади. 

Ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Президенти томонидан, таркибига тақдирлашга тавсия қилинадиган ҳарбий бўлинма кирувчи вазирлик раҳбарининг тақдимномасига кўра амалга оширилади. 

Мазкур жараён 4та босқични қамраб олади:

1. Тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда бўйсунувчи ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида илтимоснома тайёрланади. Буни вазирликлар (идоралар) раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бирлашмалар командирлари (қўмондонлари) ва уларга тенглаштирилган мансабдор шахслар амалга оширади. 

2. Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлари, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Миллий гвардия қўмондони ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги илтимосномани қўллаб-қувватлайди ёки рад этади. Қўллаб-қувватланган тақдирда материаллар Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига юборилади.

3. Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш материалларини кўриб чиқади ва Президент ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия билан келишади. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига ахборот бериш учун материалларни тайёрлайди. 

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони қонунчиликда белгиланган тартибда ҳарбий бўлинмага давлат мукофотини топширади. 

Ҳарбий бўлинманинг Жанговар байроғига ушбу ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар қадаб ҳамда ана шу давлат мукофотларининг ленталари осиб қўйилади. 

Мавзуга оид