Ўзбекистонда мудофаа ишлари органлари фаолиятига “нол бюрократия” тамойилини жорий қилиш мақсадида ҳарбий ҳисобга олиш, тиббий ва чақирув комиссияларини рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедовнинг маълум қилишича, 16 ёшга тўлган ва ID карта олган ўғил болалар тўғрисидаги маълумотлар ИИВнинг ахборот тизимидан олиниб, улар автоматик тарзда ҳарбий ҳисобга қўйиш тартиби жорий этилади.
Мудофаа ишлари бўлимларида тиббий комиссиядан ўтиш тартиби бекор қилиниб, барча тиббий кўрик тадбирлари туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларида амалга оширилади.
“Муҳтарам президентимиз барча таклифларни маъқуллаб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан бир қатор топшириқларни белгилаб бердилар”, – деди вазир 8 июн куни давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотдан кейин “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида.
Генерал Холмуҳаммедовнинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорга асосан:
-
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган пул компенсацияси 25 фоизга оширилди;
-
мудофаа ишлари органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақи жорий йил 1 июлдан 20 фоизга, 2027 йил 1 январдан яна 50 фоизга оширилади.











