Ўзбекистон | 15:20
1289
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги ташкил этилди

Ўзбекистон президенти ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг жанговар имкониятларини икки баробар оширадиган тарихий фармонни имзолади, дея маълум қилди мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов. Ҳужжат билан, Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги, юқори аниқликдаги авиация техникалари ва учувчисиз авиация комплекслари билан қуролланган янги бўлинмалар ташкил этилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги негизида Қуролли Кучлар Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги ташкил этилмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотдан кейин мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар қўмондонлигини ташкил этишга оид “тарихий фармон”ни имзолаган (ҳужжат ҳали эълон қилинмади).

Янги ташкил этилаётган қўмондонлик замонавий рақамлаштирилган бошқарув тизимига эга бўлиши кўзда тутилган.

“Юқори аниқликдаги қуролларга эга авиация техникалари, учувчисиз авиация комплекслари билан қуролланган янги бўлинмаларни ташкил этиш орқали ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва имкониятларини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда,

Албатта, ушбу фармон ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг жанговар имкониятларини икки баробарга ошишига, шунингдек, муҳим ва стратегик объектларни ҳаво зарбаларидан ҳимоялаш қобилиятини янада кучайтиришга хизмат қилади”, – деди генерал Ҳолмуҳаммедов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида.

Унинг қўшимча қилишича, президент Шавкат Мирзиёев ҳарбий тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликка доир Ўзбекистон–Туркия ҳукуматлараро битимни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолаган.

Битимга кўра, даволаш иши, стоматология, фармацевтика, профилактика, тиббий касб-ҳунар ва ҳамширалик каби йўналишларда мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва беморларни даволаш борасида ҳамкорлик қилиш белгиланмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид