Жаҳон | 08:05 / 08.04.2019
5607
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ички хавфсизлиги вазири истеъфога кетди

Фото: Mandel Ngan / AFP/Getty Images

АҚШ ички хавфсизлиги вазири Кирстен Нильсен истеъфога кетди, унинг вазифасини Кевин Макалинан вақтинчалик бажаради. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди. 

“Ички хавфсизлик вазири Кирстен Нильсен ўз лавозимини тарк этади, унга хизмати учун миннатдорлик билдирмоқчиман”, деб ёзган Трамп твиттерда.

“Божхона-чегара хизматининг амалдаги раҳбари Кевин Макалинан ички хавфсизлик вазири вазифасини бажаришини эълон қилишдан хурсандман. Ишончим комилки, Кевин аъло даражада ишлайди”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти. 

Нильсен ички хавфсизлик вазири лавозимини 2017 йил охирида эгаллаган. Унинг истеъфога чиқарилиши ҳақидаги гаплар анча вақтдан бери юрган. Матбуот Трамп Нильсеннинг ноқонуний миграцияга қарши саъй-ҳаракатларидан кўнгли тўлмаётгани ҳақида бир неча марта ёзган.

ОАВ, шунингдек, Трамп Нильсен иммиграция-божхона полицияси раҳбари лавозимига Рональд Витиелло номзодини қўллаб-қувватлаганидан ҳам норози бўлганини ёзган. Трамп Витиелло номзодини сенатда тасдиқланишигача қайтартириб олган.

Мавзуга оид