Жаҳон | 07:56 / 08.04.2019
3147
2 дақиқада ўқилади

Эстонияда киберхавфсизлик бўйича дунёдаги энг йирик машғулотлар бошланмоқда

Фото: Hendrik Schmidt Globallookpress

8 апрель Эстонияда киберхавфсизлик бўйича дунёдаги энг йирик машғулотлар Locked Shields 2019 (Ёпиқ қалқонлар) бошланмоқда. Бу ҳақда НАТОнинг Таллиндаги киберҳимоя маркази матбуот хизмати маълум қилган. 

“Locked Shields машғулотлари 8 апрелдан 12 апрелгача ўтади. Улар ахборот тизимлари ва ўта муҳим инфратузилмаларни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги мутахассисларни машқ қилдириш имкониятларини таклиф қилиш мақсадида ўтказилмоқда. Locked Shields киберхавфсизлик бўйича дунёдаги энг йирик машғулотлар ҳисобланади ва 2010 йилдан бери ўтказиб келинади”, дейилган хабарда. 

Машғулотлар сценарийсига кўра, “Берилия” давлати хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг ёмонлашишига тўқнаш келади. Бу ҳолат “ғараз ҳаракатлар” ва киберҳужумлар серияси билан кечади, улар электр таъминоти, сув тозалаш тизимлари, жамоат хавфсизлиги тармоқлари ва бошқа муҳим инфратузилма компонентларида жиддий носозликларни келтириб чиқаради.

Locked Shield 2019 НАТОнинг Таллиндаги киберҳимоя маркази томонидан Эстония ва Финляндия мудофаа вазирликлари, АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги ва Жанубий Кореянинг давлат хавфсизлиги тадқиқот институти кўмагида ташкиллаштирилган.  

НАТО 2008 йилда Таллиндаги марказ аккредитациясини тасдиқлаб, унга ҳалқаро ҳарбий ташкилот мақомини берган. Ҳозирда марказ фаолиятида 21 та давлат, жумладан, АҚШ, Эстония, Германия, Франция, Буюк Британия ва бошқа давлатлар иштирок этади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид