Жамият | 14:08 / 09.04.2019
15574
2 дақиқада ўқилади

«Чилонзор» метро бекати устида ер усти йўл ўтказгичини қуриш таклиф этиляпти 

Фото: metrotashkent.narod.ru

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Чилонзор” метро бекати устида ер усти йўл ўтказгичини қуриш ҳақида петиция эълон қилинган.

Қайд этилишича, бугунги кунда пойтахт йўлларида автоуловлар жуда серқатнов. Сутканинг ҳар қандай соатида қатновлар деярли узилмайди. Бундай йўлларда транспорт воситалари ва аввало пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш бирмунча мураккаб.

“Шаҳримиздаги “Чилонзор” метро бекати устида жойлашган кўприкнинг икки ён тарафидан пиёдалар ўтиш йўлакларида автомобиль қатновининг зичлиги ҳамда пиёдалар сонининг кўплиги турли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишига олиб келяпти”, - дейилади мурожаатда. 

Билдирилишича, ушбу туманда яшовчи аҳоли, хорижий мамлакатлардан ҳамда вилоятлардан келган меҳмонлар ва таълим муассасалари талабалари, ўқувчилари ҳамда ёшлар ҳар куни ушбу йўлларни кесиб ўтишга мажбур. 

Ушбу чорраҳада пиёдалар иштирокидаги ЙТҲ сонининг йилдан-йилга ошиб бораётганлиги мазкур масалага масъулларнинг ўз вақтида эътибор қаратиши зарурлигини ҳам кўрсатмоқда, дейилади петиция матнида.

“Шуларни инобатга олган ҳолда “Чилонзор” метро бекати устида жойлашган кўприкнинг икки ён тарафидан пиёдалар учун ер усти йўл ўтказгичлари (“Новза” метро бекати устидаги сингари) қуришни таклиф этаман”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таъкидланишича, ушбу ғояни амалга ошириш учун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши масалани масъул ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиши ва ижобий ҳал этиши зарур. Ушбу кўприкларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида минглаб пиёдалар учун хавфсиз ҳаракатланиш имконияти яратилади.

Мавзуга оид