Ўзбекистон | 16:47 / 02.07.2025
6392
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги боғчада беш ёшли бола 2-қаватдан тушиб кетди

Чилонзор туманидаги давлат боғчасида беш ёшли тарбияланувчи назоратсизлик оқибатида иккинчи қават деразасидан тушиб кетди. Оқибатда бола қўл, бурун, жағ соҳалари синиши ташхиси билан жонлаштириш бўлимига ётқизилди. Пойтахт ММТБга кўра, ҳозирда унинг аҳволи яхшиланган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Чилонзор туманидаги боғчада 5 ёшли бола 2-қаватдан тушиб кетгани айтилган хабар юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳолат 30 июн куни соат 9:45 атрофида 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида рўй берган. Тарбияланувчи Р.И. назоратсизлик оқибатида иккинчи қават деразасидан йиқилиб тушган.

Бундан хабар топган ташкилот ҳамшираси тарбияланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган, сўнгра бола 16-сонли шаҳар шифохонаси болалар бўлимига олиб борилган.

Шифокорларнинг бирламчи ташхисига кўра, тарбияланувчига икки қўл билак соҳаси синиши, бурун суяк соҳаси синиши, юқори жағ курак тишларининг алиёнлари осиғининг синиши ташхиси қўйилган. Боланинг аҳволи оғир бўлгани сабабли жонлаштириш бўлимига жойлаштирилган.

Бошқармага кўра, унинг аҳволи яхшиланганидан сўнг жонлантириш бўлимидан чиқарилган.

Айни пайтда ҳолат бўйича Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид