Япония Шимолий Кореяга қарши санкцияларни яна 2 йилга узайтирди
Япония ҳукумати Шимолий Кореяга қарши киритган бир томонлама санкцияларни яна 2 йилга узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Kyodo ахборот агентлиги хабар берди.
Бундай қарор қабул қилинишига Шимолий Корея махсус хизматлари томонидан ўғирланган японлар иши бўйича олдинга сурилиш йўқлиги сабаб бўлган. Токио, шунингдек, Шимолий Корея яқин орада тўлиқ ядровийсизланиш ва баллистик ракеталардан воз кечишни амалга оширмайди, деб ҳисобламоқда.
Амал қилиш муддати 13 апрелда тугайдиган санкциялар Шимолий Корея 2006 йил октябрда ядро синовларини ўтказгандан кейин киритилган. Улар Шимолий Кореяга япон маҳсулотлари экспортини ва Шимолий Корея кемаларининг Япония портларига киришини тақиқлайди.
2016 йилда санкциялар кенгайтирилган. Улар Япония Шимолий Корея билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирганига қарамай, яна 2 йил амал қилади. Япония ушбу санкцияларни АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги келгуси музокаралардаги мавҳумлик ортида қабул қилди.
Токио маълумотларига кўра, Шимолий Корея махсус хизматлари 1970-йиллардан бошлаб жосуслик мақсадларида Япониянинг камида 17 фуқаросини ўғирлаган. Шимолий Корея фақат 13 та ҳолатни тан олган.
Ўғирланганлардан 5 нафари 2000-йиллар бошида Японияга қайтарилган. Пхеньяннинг таъкидлашича, қолган 8 киши вафот этиб бўлган.
Япония эса ўз фуқаролари ўлгани исботларини ишончли эмас деб ҳисоблаб, уларнинг қайтарилишини талаб қилиб келади. Жумладан, исбот сифатида тақдим қилинган қолдиқлар ДНКси ўғирланганларнинг яқинлари ДНКси билан мос тушмаган. Япония, шунингдек, у ёки бу сабабларга кўра Шимолий Кореяга тушиб қолган бошқа японларнинг тақдири тергов қилинишини талаб қилади.
Мавзуга оид
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
18:37 / 08.11.2024
Фужи тоғига биринчи қор ёғди — бу 130 йилдан бери кузатилган энг кеч сана
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
09:08 / 08.11.2024