Ўзбекистон | 21:31 / 11.04.2019
4472
4 дақиқада ўқилади

Алоҳида турдаги товарларни маркировкалаш бўйича жорий этилаётган мажбурий тизимга оид расмий баёнот берилди

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4042-сонли қарорида 2019 йил 1 августидан импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган алоҳида тоифадаги товарларни тасдиқланган рўйхатга мувофиқ ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалашни жорий этиш белгиланган.

Маркировкалашни жорий этишнинг асосий вазифалари қалбакилаштирилган ва ноқонуний ишлаб чиқилган товарларни республикага олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш орқали аҳоли хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини ошириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, сўнгги вақтларда турли Интернет ресурсларда қатор аноним материаллар берилиб, уларнинг муаллифлари турли хил маълумотларни қалбакилаштириш, фактларни бўрттириш йўллари билан мажбурий маркировкалашни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чораларни қоралашга ва обрўсизлантиришга уринишмоқда.

Шу муносабат билан, Президент қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги матбуот хизматида қуйидагилар тушунтириб ўтилди.

Давлат раҳбарининг юқорида келтирилган қарорининг 5-банди билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2019 йил 1 февралига қадар энг яхши таклифларини саралаб олиш асосида кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланганлик даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчисини танлаб олишни, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қийматининг сезиларли оширилмаслигини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган етказиб берувчи билан музокаралар ўтказилишини, шунингдек, у билан тузилаётган шартнома бутун муддати давомида кўрсатиладиган хизматлар баҳосини қатъий белгилаган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузилишини таъминлаш топширилган.

2018 йилнинг декабр ойида энг яхши таклифларини саралаб олиш учун 80 техникавий ва молиявий талабларни ўзида мужассамлаштирган техник топшириқ эълон қилинди. Таъкидлаш жоизки, ягона етказувчини танлашдаги талабларнинг бири сифатида танлаб олинаётган компаниянинг давлат назоратида бўлган саноат секторларидан мустақиллиги тўғрисидаги декларация киритилган эди.

Келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича маркировкалаш бўйича ягона хизматларни етказувчи сифатида Швейцариянинг «SICPA» компанияси саралаб олинди.

Маълумот учун: «SICPA» ҳимояланган чоп этиш, маркировкалаш ва товарларни кузатиб бориш бўйича жаҳонда машҳур компания бўлиб, у жаҳон валюталарининг аксарияти (евро банкноталари, АҚШ доллари ва ўзбек сўми) учун, шунингдек ҳимояланган ҳужжатлар ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар – паспортлар учун ҳимояловчи сиёҳларни ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания ҳисобланади.Компания «Давлат Белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилган вақтидан бошлаб у билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Товарларни маркировкалаш ва кузатиб бориш бозорида фаол иштирок этади (Бразилия, Марокаш, Малайзия, Чили, АҚШнинг Массачусетс ва Калифорния штатлари, Канада, Туркия, Грузия, Кения). Компаниянинг офислари 32 та давлатда, маҳсулотлари 180 дан кўпроқ давлатда мавжуд, жаҳон бўйлаб 200 дан кўпроқ патенти бор. Бу даражадаги компанияларда манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишининг олдини олишга қаратилган қаттиқ талаблар амал қилишини англаш жуда муҳимдир.

Мавжуд маълумотларга кўра «SICPA» компаниясининг ягона эгаси Амон оиласидир.

Бугунги кунда маркировкалаш хизматларнинг нархларини тушириш ва қатъий белгилаш бўйича музокаралар давом этмоқда. Маркировкалаш бўйича хизматларни кўрсатишга оид тегишли шартнома тузилмаган.

Ўз навбатида, маркировкалашнинг мажбурий тартиби, нархлар кўрсаткичлари, ускуналарни етказиб бериш шартлари, маркировкалаш усуллари, техник ёрдам кўрсатиш ва бошқа техник-иқтисодий параметрлар бўйча келишувлар тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид