Ўзбекистон | 16:58 / 11.04.2019
27522
4 дақиқада ўқилади

ДХХдан сўнг ИИВ ходимларининг ҳам овқатланиши аутсорсинг шаклида ташкил этилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг овқатланишини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг:

ошхоналар ходимлари сонини, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш, табиий камайиш нормалари доирасида нобудгарчиликларни энг кам даражага келтириш, таомлар турларини хилма-хиллаштириш ва овқат тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш имконини берадиган ички ишлар органлари ходимлари, курсант ва тингловчилар ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;

аутсорсинг шартларида овқатланишни ташкил этишни, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмларида, ўқув юртларида, вақтинчалик ушлаб туриш ҳибсхоналари ва даволаш муассасаларида жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Белгиланишича:

аутсорсинг бўйича умумий овқатланиш корхоналари хизматларига ҳақ тўлаш аутсорсернинг барча харажатлари (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқалар) ўз ичига оладиган 20 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинган ҳолда, шартнома тузилиши санасида озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича бир овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;

овқатланишни ташкил этиш учун ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов ноль ставка бўйича белгиланади;

овқат тайёрлаш учун аутсорсер томонидан истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар қиймати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланади;

аутсорсингнинг кўрсатган хизматлари учун нархлар (шартномалар бўйича), қоидага кўра, кўпи билан бир ойда бир марта қайта кўриб чиқилиши керак;

аутсорсинг бўйича шартномалар тузиш умумий овқатланиш соҳасида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий ва логистик базага эга бўлган талабгорларга устунлик берилган ҳолда, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан амалга оширилади;

санитария қоидаларига, гигиена нормалари ва нормативларига, шунингдек, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга тўлиқ мувофиқ бўлиши керак бўлган овқат тайёрлаш ва маҳсулотлар сифатини назорат қилиш зарурати туғилганда вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

аутсорсинг тизимига ўтиш муносабати билан тежалган пул маблағларини, биринчи навбатда, ички ишлар органлари ходимлари, курсант ва тингловчи, ҳарбий хизматчилар ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг овқатланиши шарт-шароитларини яхшилашга йўналтиради;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли хизматларида шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни икки ой муддатда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

нархларнинг асоссиз ўсиб кетишига ва овқат сифатининг ёмонлашишига йўл қўймаслик устидан қатъий назоратни таъминлайди.

Бундан олдин, Вазирлар Маҳкамасининг ДХХга алоқадор янги қарори қабул қилинганди.

Мавзуга оид