«Президент мактабларига қабул қилишда асосий эътибор боланинг мантиқий фикрлашига қаратилади»

Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан президент мактаблари, ўқитувчи - ўқувчи - ота-она муносабатлари, ўқитувчиларнинг мақоми ва халқ таълими тизимига доир бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Вазир президент мактабларининг анъанавий мактаблардан энг асосий фарқлари, имтиҳон тартиби ҳақида маълумот берди.

«Президент мактабларини ташкил этиш ташаббуси таълим тизимига катта ўзгаришлар олиб келадиган ташаббус бўлди. Мамлакатимиздан қанча-қанча алломалар чиққан. Шунча алломаларни етиштирган юртдан яна алломалар чиқиши керак. Президент мактабларининг асосий вазифаси ҳам худди шу – энг иқтидорли ва билимга чанқоқ болаларни саралаб, таълим олиши учун зарур барча шароитларни яратиш – хориждан ўқитувчилар чақириб, энг замонавий методологияда уларни тарбиялаш.

Бундай мактабларнинг дастлабкилари Нукус, Хива, Тошкент, Наманган шаҳарларида очилади.

Президентимиз кейинчалик алоҳида президент университетини ҳам ташкил этиш, олий ўқув юрти даражасини ҳам йўлга қўйиш вазифасини топширди.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик президент мактаблари ва анъанавий мактабларга эътибор ўртасидаги фарқ ҳақида турли фикрлар ёзди. Халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар бошланган. Ислоҳотлар бирор бинони қуриш, компьютер етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. 

Аввало, мазмун – ўқув дастурига эътибор қаратилади. Таълим даражаси жиҳатидан дунёда етакчилардан бири Англия тажрибаси асосида президент мактабларини очишни мақсад қилганмиз. Президент мактабларида йилига нафақат 24 ўқувчи саралаб ўқитилади, балки ушбу мактабларда биз учун янги ўқув дастуридан фойдаланилади. Дастур тузишда маҳаллий ўқитувчилар хорижлик педагоглар билан ҳамкорликда ўз тажрибасини ошириш имконига эга бўлади. Кейинчалик бу шаклдаги дастурлар бошқа мактабларда ҳам кенг татбиқ қилинади. Президент мактаблари таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг локомотивига айланади.

Англия таълим методикаси ва инглиз тилида ўқитилса, ўқувчилардан ватанпарвар чиқмайди деган фикрга бориш керак эмас. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа шу – етук ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш. Президент мактабларида энг тиришқоқ болалар саралаб, йиғиб олинади. Улар бир-бирига намуна бўлиб, бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишади. Бу энг керакли жиҳат. Ўқувчиларга энг замонавий методика асосида энг яхши ўқитувчилар дарс беради. Контингент, методика ва ўқитувчиларнинг энг саралари – бу президент мактабларининг ўзига хос хусусиятлари бўлади.