Нақд тушумни яшириш орқали солиқлардан қочиш муаммоси бой тарихга эга. Доим бунга қарши чоралар кўриб келинган. Ушбу соҳага замонавий технологиялар кириб келди. Солиқ органлари ходимларига уларни бартараф этиш вазифаси юклатилган. Бу ишни қанчалик яхши уддаласалар, Давлат бюджетига тушумлар тўлиқ келиб тушишини таъминлабгина қолмай, харидорларни фирибгарлардан, сотиб олаётган товар ва хизматлари учун ортиқча ҳақ тўлашларидан ҳам ҳимоялаган бўладилар, деб ёзади Олег Гаевой Norma нашрида.

Қонунни ҳурмат қилмайдиганларга қарши аёвсиз курашиш лозим 

Президент Шавкат Мирзиёев Давлат бюджетига тушумлар прогнозлари ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, унинг даромад қисмини тўлдириш резервларини кўрсатди. Тадбиркорлик фаолиятини легаллаштириш, солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш улар сирасига киради.

Бугунги кунда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда солиқлардан бўйин товлаш схемалари қўлланиляпти. Солиқ органлари қонунбузарларга қарши самарали чораларни ишлаб чиқаётганда буни назардан қочирмасликлари даркор. Акс ҳолда барча уринишлари зое кетади. 

Терминалдан қўрқмаймиз…

Аввалига инсофсиз тадбиркорлар терминалдан қўрқиб, фақат нақд пул билан ҳисоблашишга уриндилар. Бугун харидор банк пластик картаси воситасида ҳисоблашмоқчи бўлса, бундан ҳеч ким чўчимайдиган бўлиб қолди. Ушбу вазиятда ўша инсофсиз сотувчиларда Президентнинг 15.02.2017 йилдаги ПҚ–2777-сон қарори талабларидан қочиш йўли бор. Оддий харидорлар тўқнаш келган иккита ҳолат бунга ёрқин мисол бўла олади. 

Чорсу бозорида харидор ва сотувчи 500 минг сўмлик эркаклар пойабзалини олди-сотди қилишга келишиб олдилар. Сотувчи ҳақини пластик картада олишга рози бўлди. Ҳисоб-китоб терминали пештахтанинг кўринарли жойида турган эди. Ҳақ тўлашга келганда харидорга бозорнинг нариги томонидаги банк бўлимига боришни таклиф қилдилар. У ерда сотувчининг вакили бир чеккада турган банкоматдан керакли суммани ечиб олди. Натижада харидор карта орқали ҳисоб-китоб қилди, сотувчи нақд пулга эга бўлди. Ютқазган фақат бюджет бўлди.

Бундай ҳолатлар фақат бозорларда учрамайди. Концертга чипта сотиб олишни олайлик. Кассир харидорнинг пластик карта воситасида ҳақ тўламоқчилигини кўриб, терминал йўқлигини айтади. Вазиятдан чиқиш учун тўлов тизимларидан бири ёрдамида маблағни картадан картага ўтказишни таклиф қилади. Шундай қиладилар ҳам. Фақат нима сабабдан маблағлар юридик шахснинг счётига эмас, кимнингдир шахсий картасига ўтказилгани номаълумлигича қолади.