Ўзбекистон | 18:53 / 14.04.2019
15175
4 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири дарсликларга доир икки муаммо, замонга мос муаллифларнинг йўқлиги, китоб челленжидан қанча китоб йиғилгани ҳақида  

«Кутубхоналардаги китобларга қараб ҳам чиқдим. Бир жиҳат эътиборимни тортди – адабиётимизда замонавий ёшлар учун ёзадиган муаллифлар йўқ. Бадиий китоб бозорини ҳам рақобатбардош қилиш, янги муаллифларни кашф қилиш керак.

Масалан, Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асарини олайлик. Мактабларга борсангиз, шу асарнинг 10 хил муқовали варианти бор. Китоб дўконларида ҳам замонавий китоб сўрасангиз, шу асарни тутқазишади».

Kun.uz мухбири Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан президент мактаблари, ўқитувчи - ўқувчи - ота-она муносабатлари, ўқитувчиларнинг мақоми ва халқ таълими тизимига доир бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Вазир мактаб дарсликларига доир икки масала, китоб челленжи ва замонавий асар ёзадиган муаллифларнинг йўқлиги ҳақида фикр билдирди.

«Мактаб дарсликларининг халқ таълими вазирлиги томонидан чиқарилишининг ўзи нотўғри. Ўз вақти билан рақобатбардош тизимга чиқишимиз керак. Масалан, Англия ва АҚШни олайлик. Бу мамлакатларда давлат стандартлари – миллий каррикулум (national curriculum) тасдиқланади. Вазирлик аслида шу давлат стандартини белгилаб бериши керак.

Қолган жараён, стандартга мос келадиган танловни мактабнинг ўзи ҳал қилиш имконияти бўлиши зарур, лекин бизда ҳали ундай дарсликлар йўқ.

Агар инглиз тилида таълим олиб бориладиган, фанлар шу тилда ўтиладиган мактабларимиз кўп бўлганида эди, у ҳолда жараёнга осон мослашиш мумкин эди. Ўқувчилар, масалан, Macmillan, Pearson ёки хоҳласа Охford University Press, Cambridge University Press нашриётларининг китоб, дарсликларини оларди.

Давлат стандарти даражасида билим бериш керак, қайси дарсликни танлашни мактабнинг ўзи ҳал қилиб олади. Шунда рақобат бўлади. Нашриётлар бир-биридан яхшироқ китоблар нашр қилишга ҳаракат қилади. Рақобат муҳити бўлмагандан кейин қанақа сифат бўлади?

Умумий белгиланган дарсликлар учун рақобат муҳитини ҳосил қилиш жараёни бошланган. Бу осон иш эмас. Ўзига яраша вақт талаб қилади. 

Дарсликларимизда икки хил камчилик бор: бири грамматик, орфографик хатолар бўлса, иккинчиси мазмун ва савия бўйича оқсаш.

Грамматик хатолар, нашриёт масалаларининг ижобий ҳал этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам ёрдам беряпти. 

Биз мактаб дарсликларининг барчасини eduportal.uz порталига жойладик. Кимдир хато топса, ўша саҳифа ёки жойни белгилаб, бизга жўнатиши мумкин.

Иккинчи масала – мазмун, савия ва моҳиятга шу пайтгача муаллифларнинг даражасига боғлиқ бўлиб келган. Дарслик ёзадиган муаллифларимиз ҳам кам.

10 – 11-синфларни сифатли дарслик билан таъминлаш борасида қийинчилик бўлди, чунки ўтиш жараёни тез ва қисқа муддатда кечди. Шу сабабдан китобларда грамматик хатолар кўп, савия даражаси ҳам кучли эмас.

Китоб челленжига тўхталадиган бўлсам, шу акциянинг ортидан мактаб кутубхона фондлари жами 200 мингдан ортиқ бадиий китобга бойиди. 
Бадиий адабиётда ўзига яраша катта муаммолар бор. Яқинда Ёшлар Иттифоқи мактабларга 47 номдаги бадиий китоблар тўпламларини бериб, катта кўмак кўрсатди.

Кутубхоналардаги китобларга қараб ҳам чиқдим. Бир жиҳат эътиборимни тортди – адабиётимизда замонавий ёшлар учун ёзадиган муаллифлар йўқ. Бадиий китоб бозорини ҳам рақобатбардош қилиш, янги муаллифларни кашф қилиш керак.

Масалан, Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асарини олайлик. Мактабларга борсангиз, шу асарнинг 10 хил муқовали варианти бор. Китоб дўконларида ҳам замонавий китоб сўрасангиз, шу асарни тутқизишади», дейди Шерзод Шерматов.

Шерзод Шерматов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Мавзуга оид