Ўзбекистон | 20:20 / 16.04.2019
3213
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси Марказий сайлов комиссияси билан Ҳамкорлик битимини имзолади

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Марказий сайлов комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта имзоланган мазкур келишув хотин-қизларнинг мамлакатимизда ўтказиладиган сайловларда иштирок этишида конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик такомиллаштирилишини кўзда тутади, дея хабар беради Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати. 

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Ҳужжатга мувофиқ, хотин-қизлар сафидан депутатлар сонини кўпайтириш, номзодларни сайлов қонунчилигидан хабардорлик ва ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Ҳамкорлик доирасида сайловлар жараёнида аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сайлов соҳасидаги билимларини бойитиш, сайловолди ва сайлов жараёнларига хотин-қизлар кенг жалб қилинишига қаратилган ҳуқуқий ўқув машғулотлари, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилади.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Ушбу келишув Ўзбекистонда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, уларнинг етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида уларнинг иштирокини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда ўз самарасини беради.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид