Ўзбекистон | 19:48 / 18.04.2019
14850
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди 

Ўзбекистон президенти “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра, қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

  • қишлок хўжалигини рақамлаштириш, қишлок хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда бозор тамойилларини жорий этиш, илғор тажриба ва фан ютуқларини, замонавий ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этишни назарда тутувчи қишлок хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат махсулотларининг қўшилган қиймати занжири яратилишини рағбатлантириш;
  • агробизнеснинг кластер моделини кенг жорий этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, кластерлаш жараёнининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластерларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
  • агротехник тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳосилдорлиги паст ерлар унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишга кўмаклашадиган қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш;
  • кенг кўламли замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қишлок хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
  • ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши курашиш, агрокимёвий хизмат кўрсатиш ва тупроқни муҳофаза қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • таълим, фан ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни тизимли асосда узвий интеграциялашувини, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.

Вазирлик Иқтисодиёт ва саноат, Молия вазирликлари билан биргаликда халқаро молия институтлари экспертларини жалб қилган ҳолда дон маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш бўйича таклифларни;

Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро (хорижий) молия институтлари ва маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда 2019-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш қонцепцияси лойиҳасини киритиши белгилаб қўйилди. 

Мавзуга оид