14:39 / 19.04.2019
4414

Оммавий сайёр қабулларда фуқаролар муаммоларига жойида ечим топилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов Термиз шаҳрида сайёр қабул ўтказиб, аҳоли билан учрашди.

Унда тегишли вазирлик мутасаддилари, Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар ҳокимлиги, ташкилот, корхоналар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабулда 243 нафар фуқаронинг 270 га яқин мурожаати тингланиб, уларга ижобий ечим топиш бўйича тегишли вазирлик, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш каби масалаларга оид бўлиб, кўпчилиги жойида ечимини топди. 

Масалан, Термиз шаҳридаги Наврўз маҳалласида яшовчи Майрам Жумаева моддий имконияти етмаётгани сабабли кўп йиллардан буён соғлигини тиклай олмаётгани ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёж сезаётганини маълум қилди. Бу масала Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан жойида ҳал этилди. Фуқаронинг даволаниши учун 5 млн сўм маблағ ажратилди. 

Тупроққўрғон маҳалласида яшайдиган Зуҳра Раимова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб, мурожаат этди. Бу масала ҳам жойида ҳал этилиб, фуқаро Сурхондарё вилоят “Электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ишга қабул қилинди.

Сайёр қабул чоғида ёрдам сўраб мурожаат этган 11 нафар чин етим талабаларнинг ўқиши учун зарур бўлган 49 048 452 сўм контракт маблағлари шаҳар ҳокими томонидан ўтказиб берилди. 

Сайёр қабул жараёнида тингланган мурожаатларнинг 103 таси жойида ўз ечимини топди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Вилоят туманларида ҳам ҳудди шундай сайёр қабуллар юқори савияда ўтказилди.

Бундан ташқари, Фарғона вилояти прокурори томонидан Риштон туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди

Қабул давомида 120 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди ва 93 та ёзма мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар асосан, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.  

Сайёр қабул жараёнининг ўзида 10 нафардан ортиқ фуқаролар ишга жойлаштирилиши, 15 нафардан ортиқ фуқароларнинг коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши, 6 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга ётқизилиши, 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 нафар фуқароларга моддий ёрдам берилиши таъминланди.

Top