Ҳар қандай инвестор мамлакат қонунчилиги, суд-ҳуқуқ тизими ва иқтисодий барқарорлик шартлари билан яхши танишиб чиққач, бирон мақсадни кўзлаб, сармоя киритади. Ўзбекистонда бу шартларни амалга ошириш имконияти борми? Инвесторларга Ўзбекистон қонунчилигини яхши ўрганиш, мавжуд вазиятдан бохабар бўлиши учун кўнгилдагидек имконият яратиб берилганми?

Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлигининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакатга инвесторларнинг 55 фоизи инглиз тилида сўзлашадиган давлатлардан ташриф буюрган. Буларнинг ичида Хитой, Корея, Япония каби давлатлар ҳам мавжуд. Улар билан ҳам музокаралар айнан инглиз тилида олиб борилади. Сармоядорларнинг 8-10 фоизи туркий тил, 20 фоизи эса рус тилида сўзлаша олади.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz веб-сайти)да норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларинг ундан фойдаланиши таъминланган. Мазкур веб-сайтнинг Arts in English бўлимида айрим қонун ҳужжатларининг инглиз тилидаги матнлари ҳам мавжуд.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, қонун ҳужжатларини бошқа тилларга таржима қилиш масаласи жуда узоқ давом этадиган жараён бўлганлиги боис, Lex.uz веб-сайти қошида ташкил этилган махсус таржимонлар гуруҳи бу билан доимий равишда шуғулланиб келишмоқда.

«Қачон ва қандай қонунлар, қарорлар бошқа тилга таржима қилинган бўлса, сайтга кечиктирмай қўйиб борилади. Ҳозирда мавжуд қонунлар уч хил тилда сайтга жойлаштирилган», — дейди вазирлик матбуот котиби Севара Ўринбоева.

Кодекслар эса ўзгарувчан ва қонунларнинг жамланмаси ҳисоблангани учун бирор бир қонунга ўзгартириш киритилганидан сўнг, улар йиғилади. Лекин Ўзбекистонда Инвестиция кодекси ҳалигача қабул қилинмаган. 2017 йилда кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган бўлса-да, кодекс ўрнига «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. У эса инглиз тилига ҳам таржима қилинганига қарамай, Солиқ ва Божхона кодекслари, мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими ҳақида батафсил маълумот берувчи қонунчилик базаси инглиз тилида мавжуд эмас.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти, юридик фанлар номзоди Ҳайдарали Юнусовнинг фикрларига кўра, кодекслар – муайян турдаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ўзида мужассамлаштирган қонунчилик ҳужжатларининг тизимлаштирилган ҳолда яхлит битта норматив ҳужжатдаги кўринишидир. 

«Кодекслар у ёки бу мамлакатда муайян соҳадаги ҳуқуқий тартибот ёки ҳолатнинг тўлақонли манзарасини чизиб беради ҳамда ҳуқуқ субъектларига турли ҳуқуқий муносабатлар кесишмасида муқобил ечимларни бир жойга жамлаган ҳолда тақдим этади. Кодексларнинг яна бошқа бир қатор афзалликлари мавжуд, аммо шу билан бирга уларнинг салбий жиҳатлари ҳам инкор этилмайди. Кодекслаштирилган юридик нормалар муайян қатъий мезонлар асосида тизимлаштирилгани боис, ўзининг мослашувчанлиги ва қайишқоқлиги (эластиклиги)ни йўқотади. Юридик таълимдан йироқ оддий кишилар кодекснинг минглаб моддалари гирдобида «йўқолиб» қолади. Йирик ҳажмдаги «оғирлашиб» кетган кодекслардан кўра зарурат тақозо этаётган ихчам қонунларни ўқиш одамлар учун қулайроқдир», —  дея таъкидлайди у.