Жамият | 19:21 / 24.04.2019
6502
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда «Central Asia – 2019» XIII халқаро конференцияси бошланди

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида «Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзуида «Central Asia – 2019» XIII халқаро конференцияси бошланди, деб хабар беради Kun.Uz мухбири.

24 апрель куни Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида тадбирнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда 10дан ортиқ мамлакатдан, хусусан, АҚШ, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон ва Покистондан ташриф буюрган халқаро экспертлар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, нашриётлар, архивлар, музейлар раҳбарлари ва мутахассислари, олимлар, таълим муассасалари ўқитувчилари, ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари, жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Марат Рахматуллаев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева, Беларусь Миллий кутубхонаси директори Роман Мотульский, АҚШ кутубхона фонди ижрочи директори Меррис Сумралл сўзга чиқишди.

Беларусь Миллий кутубхонаси директори Роман Мотульский табрик сўзидан кейин, машҳур шарқий славян ношири Франциск Скорина томонидан яратилган илк алифбе китобининг нусхасини Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаевага совға тариқасида топширди.

Халқаро конференция ўз ишини 26 апрелгача давом эттиради. Иштирокчилар «Жамиятнинг инновацион тараққиётида ахборот-кутубхона инфратузилмасининг роли», «Кутубхона хизматлари самарадорлигини оширишда етакчи ахборот технологиялари ва ресурслари», «Замонавий ахборот жамиятида мутолаа маданиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари», «Электрон архивлар, музейлар ва нодир кутубхона фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тажрибаси» мавзусида маъруза ўқишади ва баҳс-мунозара юритишади.

Шунингдек, «Хорижий ахборот ресурслари: маълумотлар базалари ва тизимлар билан ишлаш асослари» мавзуида маҳорат дарслари, «UZNEL» ахборот тизимида ишлаш» мавзуида тренинг ўтказилади.   

Мавзуга оид