Жамият | 23:50 / 26.04.2019
5039
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги Open Justice дастурини тақдим этди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазирлиги ўз фаолиятидаги шаффофликни намойиш этувчи «Очиқ Адлия» (Open Justice) ижтимоий дастурини тақдим этди.

Tashkent Law Spring халқаро форуми доирасида ўтказилган «Ҳукуматнинг очиқлиги ва шаффофлиги» муҳокама сессиясида Адлия вазири ўрнибосари Худоёр Мелиев мазкур дастур ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, вазирлик фаолияти ҳақида аҳолига мунтазам ахборот бериб бориш, уларнинг ҳуқуқий маъумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Open Justice дастури йўлга қўйилган. Дастур мамлакатдаги адлия фаолиятининг чин маънода очиқ ишлаётганини кўрсатишга қаратилган. Унга кўра:

─ жисмоний ва юридик шахслар адлия органлари биноларида аудио, видео ёзиш мосламаларидан фойдаланиши мумкин;

─ нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали шикоят қилиш тизими яратилган. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтинги шакллантирилиб, уларнинг малакасини ошириш ишлари олиб борилади;

─ юридик таълим бериладиган муассасаларда кириш имтиҳонлари онлайн кузатув остида амалга оширилади;

─ йилда камида икки маротаба ҳуқуқ идораларида очиқ эшиклар куни ўтказилади;

─ вазирлик бюджетининг харажатлари ҳисобот кўринишида бериб борилади;

─ ходимларнинг бир-бирини назорат қилиш тизими яратилди, яъни иш жараёни битта майдонда (open space) олиб борилади, барча эшиклар, тўсиқлар ойнаванд кўринишга келтирилган.

«Вазирлик 2018 йилда «Адлия ҳисобот беради» рисоласини нашр этди. Унда йил давомида амалга оширилган ишлар кўрсатилган. Бу амалиёт ҳар йили қилиниши кўзланган. Шунда ходимлар халқ олдида ҳисоб бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда ўз вазифасига ёндашади», ─ дейди вазир ўринбосари. 

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид