Футболчилар ҳаёти билан яқиндан таништирувчи ThePlayersTribune лойиҳаси каби мураббийларнинг хотираларига бағишланган The Coaches’ Voice лойиҳаси иш бошлади. Унинг илк қаҳрамони эса, табиийки, янги асрнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бири, футболдаги энг катта уч турнир – жаҳон чемпионати, Европа чемпионати ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан ягона мураббий – Висенте Дель Боске.

Шундай улкан совринлардан сўнг ҳам, унинг малакасини шубҳа остига оладиган ва ғалабаларни кўпроқ ўта кучли ижрочиларга боғлайдиганлар бор. Аммо футбол оламида кучли ижрочилар доим бўлган, саналган совринларни ютиш эса, фақат Дель Боскега насиб этган. Табиийки, муваффақиятларда Дел Боскенинг ҳам маҳорати, керакли ва тўғри қарорлари катта аҳамият касб этгани шубҳасиз.

Қуйида испаниялик мураббий терма жамоаси билан қандай қилиб мундиалда ғолиб бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.  

«Кўпчилик Испания терма жамоасини қабул қилиш учун жуда нотўғри вақт, деб ўйлаган, аммо менинг фикрим бироз бошқача эди. Жамоамизда аниқ услуб, бир қатор юқори савияли футболчилар ва ёш умидли номлар мавжуд эди. Бошқача айтганда, кўп нарса томонда, бунинг устига, яқинда Европа чемпионатида ғалаба қозонилганди.

Бундай меросни қабул қилиб олиш хавфли эмас, аксинча, мукофотдир. Ҳали Евро-2008 бошланмасдан туриб ҳам, мен Луис Арагонеснинг давомчиси бўла олишимга ишонардим.

Ўша турнирдаги ҳамма ўйинни мен уйда, телевизорда томоша қилдим. Менда доим Испания терма жамоаси қандай бўлиш кераклиги ҳақида тасаввурлар бўлган, ўйинлар давомида эса, ўзим учун келажак тасвирини чиза бошлади. Ўйлашимча, менинг ғояларимни амалиётга кўчириш учун Испания ва у ердаги ижрочилардан кўра яхшироқ вариантни топиб бўлмасди.

Луис Арагонес мендан анча катта, аммо биз доим бир-биримизга ҳурмат билан қараганмиз. Албатта, футболчилар учун жуда қадрли бўлган собиқ мураббийга ҳурмат кўрсатибгина, ўзим ҳам қадр топишим мумкин эди. Илк кундан футболчилар шу пайтгача қилинган ишларни йўққа чиқармоқчи эмаслигимни ҳис қилишган. Шунчаки, янги элементлар қўшган ҳолда, ўйинни такомиллаштиришимиз лозим эди.

Шунингдек, баъзи футболчилар ўтган йил мобайнида ўз ўйинларини ўстиришди ва терма жамоага янги қон ўлароқ кириб келишди. Маълум бир ерда тўхтаб қолмаслик учун бу ўзгаришлар жуда муҳимдир. Жерар Пике, Серхио Бускетс, Хуан Мата каби футболчилар жамоамиз сифатини оширишганди. Ишимдаги энг қийини, Европа чемпионатида жуда муҳим саналган баъзи футболчилардан воз кечишга мажбур бўлгандим. Ёрқин мисол – Маркос Сенна.

Сенна, балким Евро-2008 турнирида Испаниянинг энг яхши ўйинчиси бўлганди. Унинг тажрибасини қадрлаган ҳолда, жаҳон чемпионати олдидан уни таркибга қўшмасликка тўғри келди. Чунки унинг ўрнида жуда катта тезликда ўсиб бораётган Серхио Бускетс пайдо бўлганди.