Жаҳон | 22:01 / 26.04.2019
6515
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланка президенти терактлардан кейин мамлакатдаги ҳар бир уйни текширишни буюрди 

Шри-Ланка президенти Майтрипала Сирисена 21 апрелдаги портлашлардан кейин оролдаги барча турар жой иншоотини текшириб чиқишни буюрди. “Катта кўламли қидирув операцияси бошланди. Мамлакатдаги ҳар бир уй текширилади. Номаълум шахслар яшашини истисно қилиш учун ҳар бир иншоотда яшовчи доимий аҳоли рўйхати тузилади”, деб айтилган Сирисена баёнотида. 

21 апрелда орол-давлатда унинг тарихидаги энг йирик терактлар содир этилди. Портлашлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 250 га яқинни ташкил қилмоқда.     

Терактлар билан боғлиқ ҳолда 80 га яқин одам ҳибсга олинган, бу иш бўйича умумий ҳисобда 139 киши ўтмоқда. 

Бутун мамлакат бўйлаб юқори хавфсизлик чоралари жорий қилинган. Пойтахт Коломбо ва бошқа шаҳарлардаги автомобил йўлларида шубҳали шахслар ва транспорт воситаларини текшириш учун блокпостлар ўрнатилган. Полиция матбуот котиби Руван Гунасекара фуқароларни полиция билан ҳамкорлик қилишга ва ваҳимага тушмасликка чақирган. 

Полиция гавжум жойларда қўйилган шубҳали транспорт воситаларини йўқ қилиш учун йўналтирилган портлашларни қўлламоқда.  

Қўшимча хавфсизлик чораси сифатида орол ҳудудида барча учувчисиз парвоз қурилмаларини қўллашга тақиқлов киритилган. 

Бундан ташқари, Шри-Ланкадаги барча католик черковлар хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланмагунча ёпиқ қолади.

Аввалроқ Шри-Ланка мутасадди идоралари масжидларда терактлар содир этилиши хавфидан огоҳлантирилган. Таъкидланишича, полиция масжидларда хавфсизлик чораларини кучайтирган.  

Мавзуга оид