Пўлат Бобожонов Самарқандда ИИБнинг янги биносини очиб берди
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг янгидан таъмирланган, ҳамда ИИБ қошидаги хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.
Қисқача нутқлари давомида П.Бобожонов ва Э.Турдимов йиғилганларни янги бино билан табриклашди, ички ишлар органларида ишлаб пенсияга чиққан фахрийлар билан кўришишди. Мотамсаро она ҳайкали ва хизмат вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйишди.
Шундан сўнг янгидан барпо этилган, жиҳозлаш ва дастурий таъминотга яна 4 миллиард сўм сарфланган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси очилди.
Янги бинода Марказий Осиёда ягона бўлган, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида “Вазият маркази” барпо этилган. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида ўрнатилган 4 мингдан зиёд камераларнинг 1100 дан ортиғи марказнинг куч ва воситаларни ягона геоинформацион бошқариш тизимига уланган.
Марказда Самарқанд шаҳрининг геоинформацион харитаси яратилган бўлиб, унга шаҳардаги 107 мингдан ортиқ хонадонлардан ташқари, тарихий обидалар, диний ибодат масканлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, меҳмонхоналари киритилган.
Маҳаллий дастурчилар томонидан яратилган видео тасвир орқали одам юзини аниқлаш тизими интеграция қилиниб, синов тариқасида темир йўл вокзали, аэропорт, Регистон майдони, Сиёб бозори, Улуғбек автобекатига камералар ўрнатилиб, назоратга олинди. Мазкур тизим ҳозирча Самарқанд шаҳрида ҳисобда турувчи барча фуқароларни танийди, шунингдек, қидирувда бўлган шахсларни сониялар ичида аниқлаб, хабар беради.
Самарқанд шаҳридаги маҳаллалар харитада жиноятчиликнинг қайд этилиш даражасига кўра турли ранглар билан ажратиб кўрсатилади.
Бундан ташқари, барча соҳавий хизматлар ва фавқулодда тезкор хизматларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган GPS навигатор қурилмаси геоинформацион тизим билан интеграция қилинган бўлиб, бу ўша транспорт воситаларининг жойлашган нуқтаси ҳамда ҳаракат жараёнини кузатиш имконини беради. Бу билан содир этилган ҳодисани бартараф этишда куч ва воситаларни тезкор ва тўғри йўналтиришга эришиш мақсад қилинган.
Шунингдек, мазкур тизим орқали йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда куч воситаларини бошқариш учун Самарқанд шаҳрига асосий кириб чиқиш йўллари орқали ўтувчи транспорт оқимини аниқлаш, 4 та марказий чорраҳада йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқловчи тизим тест режимида ишламоқда.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида шунингдек матбуот бўлими, спортзал, кутубхона, электрон тир, конференц заллар ҳам барпо этилган.
Конференц залда вилоят ички ишлар органлари ходимлари олдида чиқиш қилар экан, ички ишлар вазири П.Бобожонов ички ишлар органларининг асосий вазифаси — аҳоли билан ҳамнафас бўлиш, халқ меҳрини қозониш, туризм шаҳри бўлмиш Самарқандда эса хавфсизликни таъминлаб, оқими тобора ошиб бораётган хорижий сайёҳлар кўзида мамлакат имижини юксалтириш эканлигини таъкидлаб ўтди.
ИИВ томонидан кўрсатилаётган ёрдам учун вилоят ҳокими Э.Турдимовга зар чопон ёпилди ҳамда эсдалик учун соат ва китоб топширилди.
Вилоят ҳокими эса вазирга эсдалик совғаси, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига вилоят ҳокимлиги номидан 5 та автомашинанинг калитини топширди.
Кўп йиллар соҳага меҳнати сингган фахрийларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024