Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида жойлашган, ҳарбийлар шаҳарчаси бўлмиш Какайди қўрғонининг «Бобур» ва «Нефтчилар» маҳалласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 март кунги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ–5386-сон фармонига кўра ободонлаштириш рўйхатига киритилган.

Kun.uz мухбири Какайдида яшаб, меҳнат қилиб келаётган фуқароларнинг таҳририятга йўллаган мурожаатини ўрганиб қайтди.

Какайдидаги маҳаллаларни ободонлаштириш асносида, янги лойиҳа асосида жоме масжиди бунёд қилинган. Шунингдек, авария ҳолатидаги эски уйлар бузилиб, аҳоли кўчирилган. Бузилган ҳудудда янги кўпқаватли уйлар барпо этилиши кўзда тутилган.

Маълум бўлишича, Какайди марказида бунёд этилаётган масжид қурилишида йўл четида барпо этилган дўконлар бузилган. Йигирмадан зиёд тадбиркорга улар ўз дўконларига барча ҳужжатларга эга бўлишса ҳам, шу пайтгача зарарлар тўлаб берилмаган, янги дўконлар қуриш учун ер ажратилмаган. Уларнинг кўпи ўз вақтида бу жойларни ким ошди савдоси орқали сотиб олишган экан.

Тадбиркорларга шаҳарча четидаги янги бозордан дўконларни ижарага олиш таклиф этилганида, улар буни кескин рад этишган. Чунки, аввалги дўконлари шаҳарча марказида бўлса, четроқда жойлашган бу ҳудудга мижозларнинг бориши амри маҳол, деб тушунтиришди.

Биз борганимизда тадбиркорлар масжид қурилаётган жой рўпарасидаги ҳудудда, бир вақтлар савдо дўконлари бўлган (улар ҳам бузилган) жойда муваққат конструкция тиклаб, савдо қилишаётганига гувоҳ бўлдик. Улар ҳанузгача бузилган дўконлари эвазига жой ажратилмаганини, рўзғор тебратиш учун қийинчиликларга дуч келишаётганини гапириб беришди.