Ўзбекистон | 19:00 / 30.04.2019
9677
2 дақиқада ўқилади

«Янгиобод» турбазаси эгаси Олий судга апелляция беришини маълум қилди

Али Тўхтаев ўзига тегишли «Янгиобод» турбазасининг давлат фойдасига олиб қўйилиши масаласини Олий судгача олиб чиқмоқчи. У бу ҳақда Kun.uz мухбирига маълум қилди.

30 апрель куни Тошкент вилоят маъмурий суди апелляцион инстанциясининг «Янгиобод» турбазасининг олиб қўйилиши иши бўйича иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Суд турбаза эгаси Али Тўхтаевнинг апелляцион шикоятини қаноатлантиришни рад этди ва Нурафшон шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 19 мартдаги қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Ўшанда Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Иброҳимовнинг объектни давлат фойдасига олиб қўйиш тўғрисидаги қарорини нотўғри деб топиш рад этилганди.  

«Биз суднинг бугунги қароридан норозимиз, бизда Олий судга апелляция бериш имконияти бор ва биз бу имкониятдан албатта фойдаланамиз», – деди Тўхтаев. 

У бугун етказиб берувчилар ва салоҳиятли инвесторларга турбаза келажаги билан боғлиқ вазиятни узоқ тушунтиришга тўғри келганини айтди.

«Хулоса чиқаришга ҳали эрта эканлигини, турбазани сақлаб қолишга ва уни намунали тоғ-чанғи комплексига айлантириш режамизни амалга оширишга ҳали умид борлигини айтдик. Афсуски, умидлар сўниб бормоқда», – деди у. 

«Бунинг устига, турбаза аллақачон ёпилгани ҳақида гап-сўзлар тарқамоқда. Салоҳиятли мижозлар баҳор-ёз мавсумида турбазага келиш режаларидан воз кечишмоқда. Бу фаолиятимизга катта зарар етказади», – деб қўшиб қўйди Тўхтаев.

Мавзуга оид