Жамият | 19:00 / 01.05.2019
14924
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва иморатлар аниқланган

Бугун, 2019 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раҳбарияти иштирокида «Республикамизда ер ажратиб беришнинг тартиб ва мезонлари ҳамда ер ажратиш шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда маълум қилинишича, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончасида электрон аукционлар ўтказиш йўли билан 0,04 гектаргача майдон учун амалга оширилади.

Ҳозирги кунда электрон савдоларга чиққан ер участкалари сони бўйича Жиззах вилояти етакчилик қилмоқда. Шу пайтга қадар республика бўйича 1,5 минг гектардан ортиқ ер майдонлари бундай аукционларга қўйилган.

Шунингдек, тадбир давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказишни назарда тутувчи 461-қарор бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Маълум бўлишича, республика бўйлаб 1 миллиондан ортиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойлар қайд қилинган. Охирги муддат ҳисобланган 2019 йилнинг 1 май ҳолатига бундай мулклар эгаларидан жами 269 мингта ариза қабул қилиниб, қаноатлантирилган. Яна 111 минг мурожаатга ижобий баҳо берилиб, тўлов ундириш кутиб турилибди.

Аҳолининг кўпчилигини мурожаат қилишни муддатнинг сўнгги кунларига қадар кечиктириб юборгани туфайли жорий йил апрель ойининг охирги кунлари кадастр идораларида катта навбатлар ҳосил бўлган.

Мавзуга оид