Жамият | 18:40 / 02.05.2019
9088
4 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳур туманида прокурор раҳбарлигидаги иккинчи сектор қандай ишлаяпти?

Бугунги кун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни давр талаб этмоқда.

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани прокурори Санжар Мавлонов раҳбарлигидаги иккинчи сектор аъзолари ўз ҳудудларида тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, оилаларни кичик бизнесга жалб қилиш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ишлар олиб борилаётир. Ҳафтанинг жума кунида ташкил этилган фуқаролар ҳамда тадбиркорлар қабули билдирилаётган муаммоларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда.  

Хусусан, секторда ташкил этилган оммавий ва сайёр қабул давомида 70 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди ва натижалари бўйича 15 та мурожаат қаноатлантирилиб, қолган 20 таси шахсан сектор раҳбари назоратига олинди.      

Жумладан, жорий йилнинг апрель ойига қадар “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 12 нафар оилага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 377.000.000 сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳимоя қилиш борасида “ўткир суяк эримаси” ташхиси билан ногиронлиги бор А.Абдурашидовга Ҳиндистон давлатида қиймати 13 млн. сўмлик жарроҳлик амалиётини бепул ўтказишга ҳуқуқ берувчи махсус ордер олиб берилиб, 13 нафар фуқаронинг уйи таъмирлаб берилди.  

Бундан ташқари, кам таъминланган, ногирон ва ижтимоий ҳимоя муҳтож 30 нафар оилаларнинг фарзандлари учун “Версаль” тўйхонасида суннат тўйлари ўтказиб берилиб, 10 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари олиб берилиб, 75 нафар фуқарога тиббий профилактик ёрдам кўрсатилди ҳамда 7 нафар ногиронга уй-жой олиш учун 175 млн. сўмлик бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилди, шунингдек 10 нафар ўқувчига тўлиқ комплектдаги ўқув қуроллари олиб берилди.

Ҳудудни ободонлаштириш доирасида эса секторга бириктирилган маҳаллаларга 861 та мевали ва 634 та манзарали дарахтлар экилиши, шунингдек, узунлиги 3 км. масофани ташкил этувчи йўлга асфальт ётқизилиши таъминланди.

Жорий йил бошидан сектор раҳбарининг ташаббуси билан Ислом академиясида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди, 950 та бўш иш ўринлари билан қатнашган тумандаги 17 та банклар ҳамда 34 та корхона ва ташкилотлар иштирок этган ушбу ярмаркада 490 та фуқаро қатнашиб, натижалари бўйича 112 та ишсиз фуқароларга мавжуд бўш иш ўринларига йўлланмалар берилди, шунингдек, махсус квоталанган иш ўринларига 7 нафар жазони ўтаб келган фуқаро йўналтирилди.

Сектор аралашуви билан инвестор “Zafis avto Plus” МЧЖнинг мурожаатига асосан тумандаги 115-сон мактаб ёнида “Yoshlar mehnat guzari”ни қуриш учун 0.07 гектар, инвестор “Grand house” МЧЖнинг мурожаатига асосан эса Қоратош кўчасида жойлашган Ўзбекистон банклари ассоциацияси биносининг орқа томонидан 0.06 гектар ер майдонлари ажратиб берилиб, уларга қонун билан белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Секторлар ишини яхшилаш учун қабул қилинган давлат раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳар бир масъул идора учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мавзуга оид