Ўзбекистон | 23:23 / 03.05.2019
20393
4 дақиқада ўқилади

“Молочная кухня” иши бўйича суд давом этмоқда

25 апрель куни Чилонзор тумани маъмурий суди Diyor Biznes компаниясининг (“Молочная кухня” бренди) Республика давлат сан-эпидем назорат маркази қарорини бекор қилиш юзасидан киритган аризасига мувофиқ суд иши бошланганди. 2 май куни давом этган суд иши муҳокамали ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Компания фаолияти Республика ДСЭНМ вакиллари текширувидан сўнг тўхтатилганди. Diyor Biznes раҳбари Шуҳрат Қаюмов ташкилот қарори хато ва камчиликлар билан тузилганини иддао қилиб, уни бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилган.

“Корхона жойлашган жойда санитария ҳимоя масофаси мавжуд эмас, амалдаги 0350-17 сонли СанҚваМ талаби бўйича масофа аҳоли яшаш жойидан 100 метр узоқликда бўлиши лозим”, — дея фикр билдирди Юнусобод туман ДСЭНМ ходими, текширув гуруҳи аъзоси бўлган Ворис Иброҳимов.

Гувоҳ сифатида кўрсатма бераётган Иброҳимовдан корхона ва аҳоли яшаш пункти оралиғи қандай ҳисоблангани, ҳақиқий масофа қанча чиққани сўралганда, у қуйидагича жавоб берди:

“Ҳақиқий масофани билмайман, бироқ 100 метрдан кам эди”.

Корхона юристи эса қўшимча маълумотлар билан вазиятга ойдинлик киритди.

“0350-17 сонли СанҚваМ талаби бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаб, замонавий мини технология ва ихчам ускуналардан фойдаланадиган корхоналар учун санитария ҳимоя масофаси 50 метрни ташкил этади. Шунингдек, бизнинг корхона кунига 1 тоннадан кам сутни қайта ишлаши туфайли, қонун билан санитария ҳимоя масофасини икки бараварга қисқартиришга рухсат берилади.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман ҳокимлиги маълумотига кўра, Diyor Biznes кичик корхона тоифасига киритилади, аммо нега бу омиллар инобатга олинмаяпти? Сизнинг айбловингизда барчаси сут ишлаб чиқариш заводига оид талаблар-ку. Қолаверса, кимдир 15 йиллик фаолиятимиз давомида бизнинг маҳсулотлардан заҳарландими ё шикоят қилдими?”, — дейди юрист.

Ворис Иброҳимовнинг таъкидлашича, текширув пайтида корхона вакиллар айнан шу важларни билдирмаган ва ҳужжатлар тақдим этилмаганди.

“Шунга қарамай, корхонада ишлаб чиқариш кетма-кетлигига эътибор қилинмаган. Масалан, хом ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кетма-кетлигида тўқнаш келиши мумкин”, — дейди Иброҳимов.

Diyor Biznes компанияси цехида ишлаб чиқариш кетма-кетлиги бўйича изоҳ берган тадбиркор Шуҳрат Қаюмовнинг таъкидлашича, хом сут стерилизациядан ўтгунга қадар, у ягона қувурда ҳаракатланади. У кетма-кетлик акс этган схемаларни судьяга тақдим этди.

Судьянинг саволларига жавоб берган Юнусобод туман ДСЭНМ вакиллари гарчи корхона фаолиятини текширувдан ўтказган бўлса-да, ишлаб чиқариш яқинида Беккари ўраси ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдиришди.

Ўра ва хавфли микробиологик, бактериологик ва иммунобиологик дорилар қолдиғи топилгани ҳақида маълумот бериши мумкин бўлган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори судга чақиртирилиши маълум бўлди. Суд ўз ишини 8 май куни давом эттиришга қарор қилади.

Мавзуга оид