Ўзбекистон | 11:40 / 03.05.2019
7332
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси: давлат санитария назорати барча объектларда исталган вақтда, тўсиқларсиз ўтказилиши керак 

Сенат Раиси Ниғматилла Йўлдошев Сенатнинг 19-ялпи мажлисида жойлардаги санитар-эпидемиоллогик ҳолатларни танқид қилди. 

Унинг қайд этишича, 2018 йилда ўтказилган санитария назорати хулосаларида деҳқон бозорларидаги 46,855 нафар сотувчи тиббий кўрикдан ўтмагани аниқланган.

«2017-2018 йилларда 1190 нафар фуқаро, хусусан, 222 нафар бола овқатдан заҳарланган ва 9 нафари вафот этган. 300га яқин деҳқон бозори, уларнинг 150дан ортиқ шохобчаларида ичимлик суви бўйича тўлиқ таъминот мавжуд эмас, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун махсус расталар ва шароитлар йўқ. Шунингдек, чиқиндиларни йиғиш учун махсус жойлар ажратилмаган», — дея Йўлдошевнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Йўлдошевга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишда санитария-эпидемиология хизматининг назорат фаолияти чекланган.

Мавжуд қонунчиликка асосан санитария-эпидемиология хизмати текширув ўтказиш учун ваколатли органга буюртма беради. Буюртма ваколатли орган томонидан уч иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ҳамда текширувни ўтказиш келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади. 

Шунга боғлиқ ҳолда, Сенат Раиси давлат санитария назоратини барча объектларда исталган вақтда, тўсиқларсиз, молия-хўжалик фаолиятига дахл қилмасдан ўтказиш мумкинлигини белгилаш, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги 2018 йил 7 сентябрда рўйхатдан ўтказилган вақтинчалик низомга тегишли ўзгартишлар  киритиш кераклигини қайд этиб ўтди.

Мавзуга оид