Спорт | 19:47 / 06.05.2019
13331
10 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» яққол етакчига айланди, «Қўқон-1912» «Локо»ни тўхтатди – Суперлига 7-тур якунлари

Фото: Маъруф Асқаров / Tribuna.uz

5 май куни Суперлигада 7-тур ўйинлари якунланди. Кетма-кет 5 ўйинда ғалаба қозонган «Локомотив» бу турда очко йўқотди. Бундан фойдаланган «Пахтакор» ўз майдонида «Металлург»ни енгди ва «темирйўлчилар» билан орадаги фарқни 3 очкога етказиб олди. Мағлубиятсиз серия қайд этаётган «Бунёдкор» бу турда «Қизилқум» меҳмони бўлиб, кутилмаганда мағлубиятга учради. Қуйида Суперлига 7-турининг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

Ҳафта ўйини: «Андижон» - «Динамо».

Ўтган турда «Динамо» - «Навбаҳор» учрашувини ҳафтанинг энг яхши ўйини деб топгандик. Бу турда ҳам «Динамо» иштирокидаги ўйинни шу номга муносиб деб топдик. Чунки асосан қуйи лигада ўйнаб юрган футболчилардан ташкил топган Даврон Файзиев жамоаси қувноқ ўйин кўрсатмоқда.

Андижондаги ўйинда мезбонларнинг имкониятлари юқорироқ баҳоланаётганди, чунки таркиб борасида «Андижон» самарқандликлардан яхшироқ имкониятга эга. Аммо «Динамо» ўйин борасида андижонликлардан қолишмади. Айниқса иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун ҳаракат қилган самарқандликлар устунликка эга бўлишди.

Ўйиндаги барча голлар чиройли урилди десак тўғри бўлади. Ҳисобни меҳмонлар яримҳимоячиси Шоҳрух Абдураҳмонов очди. У «Динамо»нинг қарши ҳужумини чиройли гол билан якунланди. «Андижон» кўп ўтмай ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанотдан узатилган тўпни Абрур Ҳусинов бош билан узоқ бурчакка жойлаб қўйди.

Мезбонларнинг иккинчи голига Шаҳзод Убайдуллаев муаллифлик қилди. Ҳужумдаги шериги Рўзимбой Аҳмедовдан тўпни қабул қилиб олган Шаҳзод ажойиб техника кўрсатиб, Ботрали Эргашевни доғда қолдирди. Иккинчи бўлимда жуда кўп ҳужум қилган «Динамо» 87-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанот ҳимоячиси Миркомил Лоқаев чап оёқда олис бурчакни аниқ нишонга олиб, супер гол муаллифига айланди.

Қизиқарли кечган ўйинда ҳар икки жамоадан бир нечта футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Айниқса «Андижон» яримҳимоячиси Ойбек Қиличев майдон марказидаги хотиржам ҳаракатлари билан жамоаси ўйинини бошқарди. Шунингдек Рўзимбой Аҳмедов ва Шаҳзод Убайдуллаев мезбонлар ҳужум чизиғида яхши ўйнашди.

«Динамо»дан ҳар доимгидек дарвозабон Ботирали Эргашев сейвлари билан жамоасини қутқариб қолди. Шунингдек майдон марказидаги Шоҳрух Абдураҳмонов ва вингер Миркомил Лоқаев фаол ўйин кўрсатишди.

Наманганда ҳам стадион очилди. «Навбаҳор» чиройли ғалабага эришди

7-турга келиб водийдаги яна бир стадион очилди. Намангандаги майсаси янгиланган «Марказий» ўйингоҳи илк марта «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» баҳсини қабул қилди. «Навбаҳор» бу ўйинда ортиқча куч сарфламай ғалаба қозонди. Канчельскис шогирдлари 31-дақиқага келиб 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгандилар. Қолганига «Навбаҳор» футболчилари кучларини тежашди, чунки олдинда «Пахтакор»га қарши жиддий ўйин кутиб турганди.

Александр Касьян «Сўғдиёна»га қарши ўйинни юқори савияда ўтказди. Россиялик футболчи иккита ҳужумчиларга хос гол урди. Славко Лукичнинг ҳисобни очувчи бўлган голи ҳам чиройли чиқди. У жарима зарбасини ўткир бурчакда турганига қарамай, тўғри дарвозага йўллади.

«Навбаҳор» стадионининг майсаси ҳақида кўп мураббийлар салбий муносабат билдиришар, бу ерда футбол ўйнаб бўлмайди дейишга ҳам боришарди. 7-турда қайта очилган стадионнинг майдони эса барчада яхши таассурот қолдирди. Энди водийда фақат «Қўқон-1912» жамоасининг стадиони очилиши қолди. Қолган жамоалар ўз стадионларини яхши ҳолатга келтириб олишди. Қўқондаги майдон ҳам тез орада ўйинларни қабул қилишни бошлайди.

«Пахтакор» энг қулай рақиби «Металлург»ни кутилганидек мағлуб этди. Бекободликлар мураббийи асосий ҳужумчиларга «Пахтакор» билан ўйинда дам берди

«Пахтакор» ва «Металлург» жамоаларининг ҳомийси битта экани ҳеч кимга сир эмас. Аслида «Пахтакор», «Металлург» ва ОКМК «битта ариқдан сув ичади». Шу сабаб мухлислар ўртасида «Металлург» «Пахтакор»нинг иккинчи жамоаси, бу клуб «Пахтакор»га қаршилик қилмайди деган гаплар ҳақли тарзда тарқалган. Чиндан ҳам «Металлург» охирги йилларда «Пахтакор»га умуман қаршилик кўрсата олмаётгани бор гап. Ўтган мавсумда жамоалар уч марта тўқнаш келишган ва «Металлург» бирорта гол уришни ҳам эплай олмаганди.

Бу мавсумдаги илк ўйинда эса Ислом Исоқжонов узоқ масофадан чиройли гол урди, аммо «Пахтакор» бир дақиқа ўтмай жавоб қайтаришга эришди. Ўтган мавсумдаги ўйинларда ҳам, бу йилги баҳсда ҳам битта боғлиқлик бор эди. «Металлург» нимагадир «Пахтакор»га қарши ўйинларда асосий футболчиларга дам беради. Масалан 1 май куни ўтказилган ўйинда бекободликлар сафида Музаффар Музаффаров, Сергей Тумасян ва энг асосийси Зоҳид Абдуллаевлар асосий таркибда ўйнашмади.

Зоҳид Абдуллаев доим «Пахтакор»га қарши ўйинларда «кутилмаганда» майдонга туша олмайди. Ваҳолангки у «Металлург»нинг асосий тўпурари ҳисобланади. Хуллас «Пахтакор» бу гал ҳам «Металлург»ни мағлуб этди. Дарвоқе, голлардан бири пенальтидан урилди. Ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатган вақтда Александр Лобанов ростми ёлғонми ҳакам билан жанжал ҳам қилиб қўйди...

«Бунёдкор» кутилмаганда «Навоий»да енгилди

Суперлиганинг дастлабки икки ўйинида мағлуб бўлгач, «Бунёдкор» ўзига келиб олди. Абрамов ёш футболчилардан иборат жамоасида яхши услубни шакллантира олди. Шу сабаб «Бунёдкор»нинг таркибида яхши футболчилар, хусусан яхши легионерлар жамланган «Қизилқум»га енгилишини кутилмаган деб айтиш мумкин.

Навоийдаги ўйинда «Бунёдкор» яхшигина устунликка эга бўлди. Абрамов шогирдларининг қарши ҳужумлари ҳам хавфли чиқди, бироқ «қалдирғочлар» имкониятлардан фойдалана олишмади.

«Қизилқум» биргина голни пенальтидан урди. Элгужа Григалашвили пенальтини голга айлантирди. Бу ғалабадан сўнг Ҳамиджон Актамовнинг истеъфоси ҳақидаги гаплар бир муддат эсдан чиқадиган бўлди.

«Локомотив» «издан чиқди»

Биринчи турдаги «Пахтакор»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг «Локомотив» кетма-кет 5 ўйинда ғалаба қозонганди. Лекин 7-турга келиб «темирйўлчилар» «издан чиқишди». Ўз майдонида «Қўқон-1912»ни қабул қилган «Локо» 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. «Қўқон-1912» биринчи голини офсайддан урди, иккинчи голни эса пенальтидан. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада белгиланган пенальтида ҳимоячилар чиндан ҳам Шаҳбоз Эркиновни йиқитишганди.

Хуллас «Локомотив» керак бўлмаган вақтда очко йўқотиб, «Пахтакор» билан фарқ уч очкогача ортишига сабаб бўлди.

Темурхўжа кетма-кет олтита ўйиндан буён гол урмоқда

«Локомотив» - «Қўқон-1912» ўйинида мезбонларнинг голларидан бирига Темурхўжа Абдухолиқов муаллифлик қилди. Ҳужумчи Суперлиганинг кетма-кет 6-ўйинида гол урди. У фақат 1-турдаги «Пахтакор»га қарши ўйинда гол урма олмади. Кейинчалик «Навбаҳор», «Андижон», ОКМК, «Бухоро», «Қизилқум» ва «Қўқон-1912» Темурхўжадан гол ўтказиб юборди.

«Насаф» тўртликка яқинлашди

Рўзиқул Бердиев «Насаф»да яна яхши жамоа туза олганини кўряпмиз. Қаршиликлар 7-турда «Бухоро» меҳмони бўлиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ҳумоюн Муртазоевнинг голи эвазига ғалаба қозонган «Насаф» очколари сонини 10 тага етказиб, 5-ўринга кўтарилди. Бердиев шогирдлари фақат тўплар нисбатига кўра «Металлург»дан ортда боришмоқда.

ОКМК охирги поғонани тарк этди

Олмалиқнинг ОКМК жамоаси 7-турда «Сурхон»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Миржалол Қосимов шогирдлари Қаршидаги қақшатқич мағлубиятдан сўнг ўзларига келиб олишганини кучли рақибга қарши ўйинда исботлашди. «Сурхон» устидан қозонилган ғалабадан сўнг ОКМК охирги поғонани тарк этди.

Тур қаҳрамони: Александр Касян

«Навбаҳор»нинг россиялик ҳужумчиси Александр Касян 7-турдан ўрин олган «Сўғдиёна»га қарши ўйинда иккита гол урди. Бу билан Касян чемпионат тўпурарлар пойгасида Темерхўжа Абдухолиқов, Драган Черан ва Зафар Полвоновларга етиб олди. Касянни ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топдик.

Мавзуга оид