19 май куни Суперлигада 9-тур ўйинлари якунланди. Фарғонада «Андижон»ни йирик ҳисобда мағлуб этган «Пахтакор» иккинчи ўриндаги «Локомотив» билан фарқни 5 очкогача узайтирди. Чунки «темирйўлчилар» кетма-кет учинчи ўйинда дуранг ўйнаб, ўз ҳолатларини қийинлаштириб қўйишди. Жануб жамоалари «Сурхон» ва «Насаф» бу турда ғалаба қозониб, мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринга кўтарилишди. Бу турда 9 та жамоа гол уришни эплолмади. Қуйида турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Пахтакор» яққол етакчига айланди. Бикмаев 15 дақиқа ўйнаб, иккита гол урди

9-турни Фарғонадаги «Андижон» - «Пахтакор» ўйини бошлаб берди. «Соғлом авлод» стадионининг ёритиш тизими талаб даражасида бўлмагани учун ўйин Фарғонадаги «Истиқлол» аренасида ўтказилди. «Истиқлол» стадионида Суперлиганинг шунчалик кўп ўйини ўтказиляптики, бу стадионга «Водий арена» деб ном берса ҳам бўлади. Чунки водийдаги қайси стадионда муаммо бўлса, ҳамма «Истиқлол»га югуришмоқда.

«Пахтакор» олдинги турда водийнинг бошқа жамоаси «Навбаҳор»ни енга олмаган ва Тошкентдаги аламли дурангдан сўнг ғалаба ўтида ёнаётганди. Фарғонадаги ўйиндаги ҳисобга қараб, «Пахтакор» осон ғалабага эришди деб бўлмайди. Черан биринчи бўлим якунида пенальтидан гол уриб ҳисобни очди. Кейинчалик «Андижон» жиддий қаршилик кўрсатди. Ўйин охирида эса 78-дақиқада захирадан майдонга тушган Марат Бикмаев иккита гол уриб, масалани ҳал қилди.

«Локомотив» гол уришни унутди, офсайд «Бунёдкор»нинг голини «ўғирлади»

Амалдаги чемпион «Локомотив» биринчи турда «Пахтакор»га мағлуб бўлгач, кетма-кет 6 ўйинда ғалаба қозониб, ўз йўлига тушиб олгандек кўринганди. Аммо Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизлик, ундан кейин чемпионатдаги нурсиз ўйинлар Фёдоров жамоасида муаммо борлигини кўрсатди.

Ҳаммаси «Қўқон-1912»га қарши ўйинда бошланди. Ўша ўйинда «Локомотив» ғалабани қўлдан чиқарганди. Кейинчалик «Локомотив» Бекободда «Металлур»ни енга олмади. 9-турда эса «темирйўлчилар» клуб учун бегона бўлмаган мураббий Вадим Абрамовнинг ёш футболчилардан иборат «Бунёдкор»ини енга олмади.

«Қалдирғочлар» ўйинда ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. 90+5-дақиқада «Бунёдкор» жарима тўпи тепиш имконига эга бўлди. Анвар Ғофуров тўпни жарима майдончасига етказиб берди. «Локомотив» жарима майдонида талотўп юзага келди ва захирадан майдонга тушган Владислав Нуриев гол урди. Аммо ҳакам ўйиндан ташқари ҳолат сабаб голни инобатга олмади.

Бу вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат бор эди, чунки «Бунёдкор» ҳимоячиси Ислом Қобилов офсайдда турган ҳолда тўпга тегмаган бўлса-да, дарвозабоннинг йўлини тўсганди. Шу боис ҳакам «Бунёдкор»нинг голини инобатга олмай тўғри қилди. Абрамов ва Шуҳрат Мақсудовнинг ҳакамга ташланишлари эса шунчаки эҳтирос сабаб бўлди деб қабул қиламиз.