Суперлигада 5-тур ўйинлари якунланди. Ўтган турда Термизда очко йўқотган «Пахтакор» бу турда хато қилмади ва жиддий қаршилик кўрсатган «Динамо»ни мағлуб этди. «Локомотив» кетма-кет тўртинчи, «Бунёдкор» эса кетма-кет учинчи ғалабасини қўлга киритди. Миржалол Қосимов ҳамда Вадим Абрамов ўртасидаги баҳс мухлисларнинг диққат марказида бўлди. Қуйида турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Андижон» ниҳоят ўз майдонида ўйнади. «Насаф»ни мағлуб этган футболчилар 10 миллион сўмдан мукофот олишди. Битта футболчига «Жентра» совға қилинди

5-турни «Андижон» – «Насаф» ўйини очиб берди. Андижонликлар ниҳоят ўз майдонларида ўйин ўтказишди. Кичик танаффусдан сўнг юқори дивизионга қайтган «Андижон» ўз майдонидаги илк ўйинини «Насаф»га қарши ўтказди. Бу ўйинга бўлган эътибор катта бўлди. Андижон вилоят ҳокими футболга қизиқиши сир эмас. У ўйиндан кейин ҳам ғалабани футболчилар билан нишонлаб, «Андижон полкаси»га ҳам рақсга тушишга улгурди.

Бу баҳсда «Насаф»нинг имкониятлари юқори баҳоланаётганди, лекин кутилмаганда Рўзиқул Бердиев шогирдлари имкониятни бой буриб қўйишди. Ўйиндан сўнг андижонлик футболчилар 10 миллион сўмдан мукофот пули олишди. Ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуродовга «Жентра» машинаси ҳам совға қилинди.

«Динамо» 75 дақиқа чидади

Ўтган турда «Пахтакор» Термизда «Сурхон» билан ўйинда жиддий қаршиликка дуч келиб, илк марта очко йўқотганди. 5-турда «Пахтакор» ўз майдонида «Динамо»ни қабул қилди. Бу баҳсдан сўнг «Пахтакор» Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Ас Садд»га қарши ўйинга жўнаб кетиши сабаб Арвеладзе шогирдлари учун «Динамо»ни енгиш муҳим эди.

Самарқандликлар Тошкентдаги ўйинда 75 дақиқа «Пахтакор»нинг ҳужумларига дош беришди. Аввалига Жавоҳир Сиддиқов кутилмаганда бош билан дарвозани ишғол қилди, кейинроқ Жалолиддин Машарипов супер гол уриб, «Пахтакор»га 2:0 ҳисобида ғалаба келтирди. Бу ўйинда икки томондаги мухлислар ҳам хурсанд бўлганини айтиш керак. «Пахтакор» мухлислари ғалаба учун, самарқандлик мухдислар Про-лигадан чиқиб келган жамоалари рақобатбардош бўлгани учун хурсанд бўлишди.

Абрамов Қосимовни мағлуб этди