Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Президент мактаби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Президент мактаби тўғрисидаги низомга кўра, Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та бирлик миқдорида ташкил этилади, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Президент мактабининг таъсисчиси ҳисобланади.

Президент мактаблари бевосита Вазирликка бўйсунади. Вазирлик Президент мактаблари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.

Президент мактабларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

Президент мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитиш тизимини шакллантириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш кафолатларини таъминлашдан иборатдир.

Президент мактаби фаолиятининг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари:

иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;

табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш бўйича малакасини ошириш;

ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;