19:00 / 07.05.2019
30907

Беларусда «Ўлмас полк»ни тақиқлаш бошланди

Фото: Виктор Толочко / РИА Новости

Беларуснинг Витебск шаҳри ҳокимияти 9 май куни шаҳарда «Ўлмас полк» акцияларини ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда Belset.eu сайти хабар бермоқда.

«Бу йил Ғалаба куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар қаторига «Ўлмас полк» паради киритилмаган», - дейилади шаҳар раҳбариятининг баёнотида. Раҳбарият «Ўлмас полк» ўрнига «Беларусь унутмайди» умумхалқ митингида қатнашишни таклиф қилган.

«Ўлмас полк» ташкилотчилари ҳозирча қандай ҳаракат қилишни билишмаяпти, лекин улар Лукашенко рози бўлса, парадни ўтказишмоқчи. Хабарда Қозоғистоннинг Ақтўбе области раҳбарияти ҳам «Ўлмас полк»ни ўтказиш «шарт эмас деб топгани» алоҳида таъкидланган.

Беларусда ўтган йили ҳам «Ўлмас полк»ни тақиқлашган, лекин ҳукумат кейинчалик унга розилик билдирганди.

«Ўлмас полк» паради Россияда ўтказилиши урфга кирган замонавий маросим. Унда одамлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган яқинларининг суратларини кўтариб белгиланган майдон ва кўчалар бўйлаб айланишади.

Россия президенти Владимир Путин ҳар йили «Ўлмас полк»да ўз отасининг суратини кўтарган ҳолда қатнашади ва ҳар сафар чиқишларида бу акциянинг «нақадар муҳимлиги»ни таъкидлайди. Россия нашрлари эса бошқа давлатларда, айниқса МДҲ давлатларида «Ўлмас полк»нинг ўтказилишига қандайдир чеклов бўлса, алоҳида урғу бериб ёритади. Хусусан, Беларусда бу тадбирни ўтказишдаги чекловлар Россия билан алоқаларнинг «рисоладагидек эмаслигига» ишора деб қабул қилинмоқда.

Top